www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Коррупция – хасталик, уни болангизга «юқтирманг»

Кеч тушиб қолган бўлса-да, икки қаватли уй олдидаги майдонча болалар билан гавжум. Бекинмачоқдан зериккач, бир жойга жам бўлишди. Ҳамманинг кўзида савол, энди қандай ўйин ўйнасак экан? Шу пайт иккинчи синфда ўқийдиган Аброр сўз қотди.

– Менда зўр ўйин бор. Ўзим ўйлаб топганман!

Болалар унга юзланишди. Аброр эса улар ўзига қаратганидан ғурурланганча "ўйин" қоидасини тушунтира бошлади.

Қоида бўйича, Салим эшикни тақиллатиб келди. Аброр эшикни очди.

– Э, дўстим, келсинлар, қайси шамол учирди?

– Бир йўқлаб келдик-да. Аҳволларинг яхшими? Катта лавозимга ўтганмишсан. Табриклайлик, деб келавердик, – Салим ёнидаги "ўғли" Акрамга ишора қилди. – Ўғлимиз ҳам яқинда ўқишга кирадиган. Шу сизларнинг институтга кираман, деб оёқ тираб туриб олса, дегин. Ўзинг қўллайсан-да, ўртоқ.

Аброр у ёқ, бу ёққа олазарак қараб олди.

– Мен бор йўғи кичик раҳбарман, холос. У ёқда "катталар" бор. Улар нима деркан?

– Йўқ дема, раҳбарларингга ўзимнинг укам, дерсан. Қуруқ қўймайман.

Салим икки букланган қоғозни аввалдан Аброр тушунтиргандек қилиб ёнидан чиқарди. Дўстининг чўнтагига солиб қўйди:

– Бу хамир учидан. Иш битсин, яна шунча оласан...

"Ота-бола" чиқиб кетган бўлишди. Аброр эса давра ўртасига келиб қаҳ-қаҳ уриб кулди.

Даврадан чиқиб келган яна бир ўйин иштирокчиси Назирага деди:

– Хотин, тилла узук олиб беринг деётганмидинг. Ма, олақол. Ҳавасинг кетган экан...

Ўйин шу ерга етганда тугаб қолди. Аброр у ёғини ўйлаб кўрмаганди. Чунки бу ўйинни ўзи тўқиган эмас. Нуфузли олийгоҳлардан бирида ишлайдиган дадасининг "меҳмонлар" билан суҳбатини кўрган, шунчаки, тақлид қилганди, холос...

Болалар билсалар эди, бу "ўйин"нинг ҳаётда ҳам охири йўқ эканини. Билсалар эди, бу "ўйин" уларнинг ҳам келажагини йўққа чиқариши мумкин эканини.

Афсуски, улар мурғак, қуш уясида кўрганини қилиши эса табиий.

Абдулатиф ИСАРОВ,

Самарқанд ҳарбий прокуратураси 

терговчиси, адлия катта лейтенанти.

  • 13-04-2019
  • | 43 |
  • № 10