www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Фолбин фирибгар чиқди

Шундай иллатлар борки, унга қўл урган киши эл-юрт назаридан қолади, нафратга йўлиқади. Энг ёмони, бу қилмиши оиласи, фарзандлари шаънига ҳам доғ бўлиб тушади. Бу ёқда қонуний жазо ҳам бор.

Тошкент маҳалласида яшовчи Гулноза Анорова (исм-шарифи ўзгартирилган) ана шундай жиноятга қўл урди. Оқибатда фирибгар, деган ном олди.

Г.Анорова асли Тошкент вилоятида туғилган. Муқаддам судланган. Туманимизга кўчиб келганида, қўни-қўшнилар уни самимият билан қабул қилишди. Мусофир экан, деб меҳр-оқибат кўрсатишди. Афсуски, у маҳалла-кўй юзига ҳам оёқ қўйди.

Ҳаммаси 2017 йилнинг июль ойи ўрталарида бошланган.

Г.Анорова Зарафшон маҳалласида яшайдиган бир аёлнинг хорижда ишлаш истаги борлигини танишларидан эшитиб қолади. Излаб топиб, уни Россия давлатига ишга юбора олишини, бунинг учун барча ҳужжатларни ўзи расмийлаштиришини айтади. Бир ҳафталик уринишларидан сўнг аёлни кўндиради. Аммо мушук ҳам текинга офтобга чиқмайди. Алданаётганини билмаган аёл Гулнозанинг хизмат ҳақини кейинчалик ишлаб топган пулларидан юборишга ваъда беради. Гаров сифатида синглисига тегишли уч дона тилла тақинчоқни қўлига тутқазади.

Табиийки, тақинчоқларни сотиб, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган фирибгар қайта қорасини кўрсатмайди.

Орадан тўрт ой ўтиб Г.Анорованинг нафси яна ҳакалак ота бошлайди. Бу сафар у янада “ғаройиб” ҳхийла ўйлаб топади.

Ўша пайтларда Аҳмаджон Қурбонов маҳалласида яшовчи фуқаролардан бирининг уйига ўғри тушган, катта миқдорда тилла тақинчоқлар йўқолганди. Гулноза фурсатни қўлдан бермай, фолбин қиёфасида ўша хонадон дарвозасини қоқади. Қимматбаҳо буюмлари йўқолганини “кўнгли” сезаётганидан “башорат” қилади. Уй-рўзғор ашёларини сеҳрлаб, уларни “тилга кирита олиши”ни иддао қилади.

Афсуски, содда ва ишонувчан одамлар ҳам бор. Қолаверса, чўкаётган одам хасга тирмашади. Хуллас, унинг кароматгўй эканига ишонган уй эгаси алданганини тушунганида кеч бўлганди. Г.Анорова 7 миллион 650 минг сўмлик буюмларни олиб, кўздан ғойиб бўлганди.

Аммо ҳаром йўл билан узоққа боролмайди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари жабрланувчиларнинг кўрсатмаларини ўрганишди. Ўхшашликлар жиноятчи шу туманда яшашини тахмин қилишга имкон берарди. Қолаверса, гувоҳлар унинг пойтахт шевасига яқин гапириши ҳақида айтишди. Натижада, жиноят очилди.

Ўзганинг мулкини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қўлга киритган фирибгарга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Абдунаби ҲАМИДОВ,

туман ИИБ терговчиси, капитан.

  • 13-04-2019
  • | 55 |
  • № 7