www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Уч ойда 352 та ажрим иши кўрилди

Жорий йилнинг биринчи чорагида фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туман­лар­аро суди томонидан 352 та оилавий ажрим иши кўриб чиқилди. Бу рақам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 159 тага кўпайган.

Дарҳақиқат, никоҳ низолари йилдан йилга ошиб боряпти. Оила барбод, фарзандлар тирик етим бўлаётгани етмаганидек, икки томон мулкий низога ҳам боради. Бу эса сўнмас адоват келтириб чиқармоқда.

Хўш, қонун оилавий мулк борасида нима дейди?

Эр-хотиннинг никоҳ давомида орттирган, шунингдек, никоҳга қадар, биргаликда олган мол-мулки, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳолат кўрсатилмаган бўлса, умумий мулк ҳисобланади.

Бунда ҳар бирининг меҳнат, тадбиркорлик ва интеллектуал фаолият натижасида олган даромади, пенсия ва нафақаси киради. Шу турдаги манба ҳисобидан олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлар, пай, омонат, улуш кабилар қайси бирининг номига расмийлаштирилганидан қатъи назар, умумий мол-мулк сифатида эътироф этилади.

Уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парваришлаш ёки бошқа узрли сабабларга кўра, мустақил иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр-хотин умумий мол-мулкка тенг ҳуқуқли бўлади.

Никоҳ шартномаси бўлмагач, шу қоидага бўйсунишга тўғри келади. Агар никоҳ шартномаси тузилсачи? Бу қандай ҳужжат ўзи?

Никоҳ шартномаси оиланинг ўзига хос конституцияси бўлиб, унда томонларнинг ҳуқуқ-мажбуриятлари акс этади. Агар никоҳ бекор қилинса, мулкнинг қай тартибда бўлиниши қайд этилган бўлади. У ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Эр-хотин никоҳ шартномаси билан қонунда белгиланган юқоридаги мулкий тартибни ўзгартиришга ҳақли.

Никоҳ шартномаси мавжуд мол-мулкка ҳам, бўлғуси мол-мулкка нисбатан ҳам тузилиши мумкин.

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилади ёки бекор қилинади.

Ўйлаймизки, никоҳ шарт­номасининг тузилиши оилавий низоларнинг муқобил ечими бўла олади.

Хуршидбек АБДИЕВ,

фуқаролик ишлари бўйича Жомбой

туманлараро  судининг девонхона мудири.

  • 22-04-2019
  • | 100 |
  • № 14