www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Борлиққа алвидо айтилмайди

У денгизчи ҳам, балиқчи ҳам эмасди. Аммо ўз тақдирини Оролсиз тасаввур қилолмагани рост.

Мўйноқликлар гоҳ тор кўчаларда, гоҳ бандаргоҳ яқинида унга дуч келишар, деярли ҳамма билан таниш эди.

Аслида, у бу ерлардан анча олисда туғилган. Болалиги қадимий шаҳарнинг кўҳна обидалари орасида ўтган. Минораю пештоқлардаги нақшлар, бўртма тасвирлар сабаб тасвирий санъатга ихлос қўйган бўлса, ажабмас.

Улғайди. Ўқиди. 1960 йилга келиб, мамлакатдаги энг пешқадам мусаввирлардан бирига айланди. Уни машҳур қилган яна бир сабаб табиатга, аниқроғи, денгизга бўлган муҳаббат эди.

Баҳор келиши билан қуйи оқимдан Амударё делтасигача кезиб чиқар, баъзан йил бўйи Мўйноқда муқим туриб қоларди.

Шу зайл инсон ва табиат мавзуидаги дурдона асарлари яралди. “Денгизда”, “Мавж”, “Мўйноқ бурни”, “Ирмоқ”, “Тақдир спирали” картиналари айни шу йиллар маҳсулидир.

Кўргазмаларда бир саволни кўп беришарди: нега асарларингизнинг асосий мавзуи денгиз билан боғлиқ?

– Денгиз – бу борлиқ, – дерди шундай пайтларда. – Инсон эса борлиқнинг бир бўлаги. Бу икки ҳилқатни бирдай ҳис қилмай туриб, ўзликни англаб бўлмайди.

Йиллар мусаввирни қаритди. Ижоди эса худди Орол каби мавжланишда давом этарди.

Сиёсат ва истеъдод. Бир-бири билан ҳеч қачон кесишмас(лиги шарт бўлган) икки қутб. Аммо бу ҳаёт...

Тақдир мусаввирни олисларга олиб кетди. Умрининг ўн йилини Кавказ тоғлари ортида – Бокуда ўтказди. Ватанни, Оролни қўмсаган пайтлари Каспий соҳилига борар, расм ишлаб ҳовурини босарди. Аммо ўн йиллик ижодидан бирортасини сараланган тўпламига киритмади. Кўргазмаларга қўймади. Уларда нимадир етишмаётганини ҳис қилар, тополмай қийналарди.

Кунларнинг бирида денгизни туш кўрди. Соҳилга қатор тизилган балиқчилар нима учундир маъюс, саф адоқсизмиш. Уфқда ботиб бораётган қуёш қирмизи тус олган, денгиз одатдагидек мавжланмасди. Уфққа тикилиб, кўзлари қамашди. Уйғониб кетди. Кўзи чиндан ёшланибди.

Шу куни ҳаммасига қўл силтаб, йўлга тушди.

Поезд аввал Каспий, сўнг Туркманистон чўлларидан ўтди. Бир ҳафта деганда Мўйноққа етиб келди.

Ё Раб! Балиқчилар (худди тушидагидек) соҳилга тизилган, денгиз эса соҳилни ташлаб, узоқларга чекинганди.

Бу тунда юз берибди. Орол суви бир оқшомда юзлаб метрга қочибди. Кунлар давомида асосий муҳокама шу мавзу атрофида бўлди. Денгизчилар, кансерва заводи ишчилари, қайиқ пристанидагилар, овул аҳли – ҳамма фақат шу ҳақда гапирарди. Денгиз эса кундан кун, сассизгина бандаргоҳдан узоқлашиб борарди.

Кейин ҳукумат комиссияси келди. Текширишди. Акт тузишди. Кетишди.

Олимлар келишди. Ўрганишди. Ёзиб-чизиб кетишди.

Шоиру ёзувчилар, сиёсатдону лўттибоз – ҳаммаси келди-кетди.

Орол эса жим чекиниб бораверди.

Минбардан “Денгизни қутқарайлик”, деб ҳайқирганлар унвондор бўлди. “Экологик фожиа сабаблари” деган илмий ишлар ортида кимлар фан доктори рутбасини олди.

...Мусаввир анча кексайиб қолган, эндиликда муттасил қумдан иборат саҳродан ўтиб, денгизни кўриб келишга қуввати етмасди.

Мўйноқликлар қачонлардир улкан ёғоч бочкада балиқ сақлашган. Эндиликда улар кераксиз матоҳга айланиб, ҳар ерда сочилиб ётарди. Мусаввир шундай идишлардан бирини уйига келтирди. Ичини сув билан тўлдирди. Ва... қоғоз қайиқлар ясаб, ўз “денгизи”га қўйиб юборди. Хуморини шу йўл билан босадиган бўлди.

Умр якунланиб борар, буни қалбан ҳис қилиб турарди. Шунда ўзининг сўнгги асарини яратишга киришди.

Ойлар давомида тунни кундуздан фарқламай ишлади. Гоҳида чизишдан тўхтар, хотираларга берилар, яна ишлашга қайтар, ўчирар, қайта чизарди. Шу тариқа “Фалсафа” асарини яратди.

Сўнгги нафаси олдидан ушбу картинани Мўйноқ экология музейига совға қилишларини васият қилди.

Бугун ўша сурат музей фондида сақланади. Унда қоғоз қайиқчалар сузиб юрган бочкани кўриш мумкин. Бочка четида тасвирланган ғариб кабутар тимсоли нимани англатади? Бунинг сирини мусаввир ўзи билан олиб кетди.

Оролга буюк муҳаббат қўйган натуралист-россом, Самарқанд фарзанди Рафаель Мативосян эди.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

(Қорақалпоғистон. Мўйноқ. 2019 йил 23 апрель)

  • 24-04-2019
  • | 33 |
  • № 15