www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Таъмага ўргатманг болани

Таълим тизимини такомиллаштириш жараёни мамлакатимизда фаол давом этмоқда. Етук кадрларни етиштириш йўлида пойдевор ҳисобланган мактабгача таълим муассасаларидан тортиб олий ўқув юртларига қабул жараёнигача ислоҳ этиляпти. Шундай пайт­да таълимда таъмагирлик ҳолатлари учраётгани кишини ўйга толдиради.

Аслида айнан таълим тизимига шахсий манфаатни тиқиштириш жиноятчиликнинг олий кўринишидир. Сабаби, бугунги тарбия эртанги келажак, дегани. Уни турли манфаат йўлида қурбон қилиш миллат олдида кечирилмас гуноҳ саналади.

Порахўрликка кескин чоралар қўлланаётганига қарамай, "Ўқишга киритиб қўяман", "Тест натижасини ижобий ҳал қилиб бераман", дейдиган ва мўмай пул ишлаб олиш илинжида фирибгарликни касб қилган кимсалар учраб турибди. Афсуски, "Фарзандим диплом олса, бас. Қолгани бир гап бўлар", қабилида фикрлайдиган ота-оналар ҳам йўқ эмас.

Сўнгги икки ойда ижтимоий тармоқ ва расмий  нашрлар орқали ўнга яқин шундай нохуш хабарлар тар­қалди. Энг сўнггиси, бир неча кун аввал юридик университетга ўқишга киритишни ваъда қилиб, абитуриент­дан 11 минг доллар пора талаб қилган фирибгарлар ҳақида бўлди.

Эътибор қилинг, қонун ва ҳуқуқ ҳимоячиларини тайёрлайдиган олийгоҳ! Ана шундай қинғир йўллар билан ўқишга кирган талаба эртага қандай мутахассис бўлиб етишиши кундай равшан. Жамиятимизда коррупцияни тўла бартараф этишга имкон бўлмаётгани шундай омилларга ҳам боғлиқ эмасмикан?

Пул эвазига фарзандини боғчага жойлаётган, нуфузлироқ мактабга ўтказиш учун мутасаддиларни "оғдираётган" кишилар мулоҳаза қилиб кўришса бўларди. Норасиданинг келажагига, ўсиб-улғайишига ҳаром аралаштириш яхшиликка олиб бормайди. Унинг ўрнига қонуний ҳуқуқимизни талаб қилиб, таъмагирлик ҳолатига дуч келганда, тегишли идораларга мурожаат қилсак, жамиятимиз мусаффолигига ҳисса қўшган бўламиз.

Одил ЎСАРОВ,

Самарқанд ҳарбий прокурори, адлия полковниги.

  • 30-04-2019
  • | 35 |
  • № 15