www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳаром луқма буюрмади

Иссиқхона оилага мўл-кўлчилик келтиради. Экинлар мавсум танламай, йил бўйи ҳосил бераверади. Ҳам дастурхон тўкин, ҳам оила бюджетига ёрдам. Афсуски, Жаҳонгир ва ҳамтовоқлари ундан нотўғри мақсадда фойдаланиш пайида бўлишган.

Бунга унинг ўзи сабабчи. Шу киракашларга қўшилдию, рўзғорини тебратиб турган ота касбини йиғиштирди. Дурадгорлик устахонасини ёпиб, киракашликка ўтди. Кунига икки-уч марта одам ташисам, қолган пайт дам оламан, деб мўлжал қилди.

Айтганича бор экан. Баъзан йўловчилар кам бўлади. Уч-тўрт киракаш давра қуриб, кун ботгунча қарта ўйинайди. Чойхона, гап-гаштаклардан бўшамай қолди. Давра қизиган кезлари, аввал ўзи эшитган, аммо татиб кўрмаган оғу қўлма-қўл бўлиб қоларди. Аввалига ўзини олиб қочиб юрди. Ҳаёти остин-устун бўлиб кетишини ўйлади. Аммо улфатларнинг гап-сўзи, кўз олдида мақтаб "тортишлари" ақлидан устун келди. Икки-уч татиб кўргач, қаердан топиш, қандай етиштиришгача билиб олди.

Бу орада томорқасидан иссиқхона қурди. Ичига кўкат эккан киши бўлиб, орасига оғу уруғларидан ҳам ташлади. Апрель-май ойларида ҳеч кимни "экинзорига" йўлатмай қўйди. Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деб бекор айтишмайди.

Ўша куни иссиқхонани ўзи ўтлардан тозалади. Юлинган ўтларни ташқарига чиқариб ёйди. Кузда чорва олсак, бир кунига ярар, деб ўйлаб қўйди. Аммо ишдан қайтганида "чақирилмаган меҳмон"ларни кўриб, қути ўчди. Профилактика инспектори ва бегона шахслар иссиқхона атрофини ўраб олишган экан.

Хўш, улар қандай хабар топишди?  Хотини юлинган ўтларни олиб кетинглар, деб, моли бор қўшнисига айтган экан. Келавермагач, ўғлидан бериб юборибди. Қарабсизки, ҳаммаси аён. Жаҳонгир кўкнорининг икки-уч тупини ўтга қўшиб юлиб юборган. Қўшниси молига бераётиб, кўриб қолади. Шундоқ ҳам унинг охирги пайтларда ўзгариб қолгани қишлоқ аҳлини ажаблантираётган эди. Ана энди жумбоқнинг калити, кимсан, Турсун хабарчининг қўлида турибди.

Хуллас, қишлоқда гап ётмади. Бундан хабар топган қонун ҳимоячилари уйига келиб, қинғир ишини фош этди. Гиёҳванд модда етиштирган Жаҳонгир ва унинг харидори бўлган киракаш шериклари энди қонун олдида жавоб беради.

Мақсад ЯХШИЛИКОВ.

  • 20-06-2019
  • | 107 |
  • № 20