www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Собиқ абитуриент Жиззахда емаган сомсага 8 йилдан бери пул тўлайди...

Гап фуқаро муаммоси, ташвиши устида борар экан, масаланинг катта-кичиги бўлмайди. Айниқса, у йиллар давомида ечим топмаётган бўлса.

Таҳририятга Қўлбости маҳалласининг Қозоқовул қишлоғидан мурожаат тушди. Гавҳар Бўтаева ўз аризасида Жиззах давлат педагогика институтида архив хизмати қониқарли ташкил этилмагани, палапартишлик оқибатида саккиз йилдан бери (!) ҳужжатларини қайтариб ололмаётнини ёзади.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида мурожаатчи билан суҳбатлашдик.

Маълум бўлишича, 2011 йил Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институтининг бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иши йўналишига ҳужжат топширган. Тест синовларида етарли балл тўплай олмагач, ҳужжатларини қайтариб олиш учун институт архивига мурожаат қилган. Аммо ўша вақтда архивариус вазифасида ишлаган ходим унга тегишли йиғма жилд фонддан топилмаётганини билдиради.

Гавҳар Бўтаева, ўзининг айтишича, ўтган йиллар давомида бир неча бор институт мутасаддиларига мурожаат қилган. Ҳар сафар бир хил жавоб олган: «Ҳужжатингиз архив фондида мавжуд эмас».

– Ваҳоланки, қабул комиссиясидан берилган тилхат қўлимда турибди, – дейди Г.Бўтаева. – Архив ходимларига кўрсатганимда ўзим таҳсил олган коллежга бориш, газетага эълон бериш ва шу каби "унча қийин бўлмаган" ҳуқуқий ҳаракат билан ҳужжатимни қайта тиклашим мумкинлигини айтишди.

Ҳақиқатан ҳам А.Болтаев исм-шарифли мутасадди томонидан имзоланган 1303-сонли "Ҳужжатлар қабул қилиб олингани тўғрисидаги тилхат"да абитуриент Г.Бўтаеванинг ректор номига ариза, фотосурат, тиббий маълумотнома ва маълумоти тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси сақлашга олингани баён этилган. Тилхат имзо ва институт муҳри билан тасдиқланган. Шундай экан, ҳужжатларнинг бешикаст сақланиши ва зарур вақтда фуқаронинг ўзига қайтарилишига институт масъул ҳисобланади. Бу ерда коллежга бор, эълон бер, қабилидаги насиҳатгўйлик кетмайди. Муаммо остида жавобгарлик ҳисси ётибди.

Айтиш мумкинки, маълумот тўғрисидаги ҳужжатни қайта тиклаш харажат ва вақт талаб қилади.

Аввалига муаммони бу тарзда муҳокама этиш ниятимиз йўқ эди. Очиғи, ҳал қилиш мумкин бўлган масалани матбуотга олиб чиқиб, ўнлаб профессор, фан докторлари ишлаётган муассаса номини тилга олиш бироз ноқулай ҳам. Эҳтимол, раҳбарият бундан бехабар қолгандир. Шундай яхши гумон билан институт ректори номига хат юбордик.

Фурсатни йўқотмаслик учун таҳририят ижодий ходими бир кун вақт ажратиб, Жиззахга йўл олди. Мақсад, шахсан хатни топшириб, вақтдан ютиш эди. Аммо 15 кун (расмий мурожаатга жавоб қайтаришнинг қонуний муддати) ўтиб кетса-да, Жиззах томонлардан бирор садо чиқмади. Бу орада Г.Бўтаева икки бор таҳририятга келиб-кетди. Институт билан телефон орқали боғланишга уриндик.

– Фуқаронинг йиллар давомида сарсон бўлгани тўғрисидаги иддао ҳақиқатга тўғри келмайди, – деди ўзини девонхона масъули деб таништирган Алишер Сувонқулов. – Мурожаатчини шу йил биринчи марта кўриб туришим. Тўғри, архив фондидан унга тегишли диплом ва илова топилмади. Агар сизга расмий жавоб керак бўлса, почта орқали юборамиз. Кутинг.

– Ахир қонунда белгиланган муддат ўтиб кетяпти.

– Мурожаатлар билан ишлаш тизимини биз ҳам яхши биламиз. Алоҳида ўрганиш талаб қиладиган ҳолатларда муддат бир ойга чўзилади.

Шундай қилиб, институт мутасаддиси 1 июлда юборилган расмий хатга ўн беш кунлик фурсат ўтгач, шунда ҳам ўзимиз қўнғироқ қилиб, аниқлик киритишга уринганимиздан сўнг "Алоҳида ўрганиш талаб қиладиган ҳолатлар" масаласини рўкач қилиш билан чекланди. Келинг, шу ўринда қонундан изоҳ оламиз.

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонуннинг 28-моддаси мурожаатни кўриб чиқиш муддати масаласига бағишланган. Унда хусусан, шундай банд бор: "Ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади".

Архивдан (саккиз йилдан бери топилмаган) ҳужжатни қайта излаш алоҳида чора-тадбир талаб қиладиган ҳолат экан. Демак, институт ректори мурожаатни кўриб чиқиш муддатини бир ойга узайтирган, дейлик. Бу ҳақда қандайдир ҳужжат юритилганми? Ҳар ҳолда қонун "муддат истисно тариқасида фақат ташкилот раҳбари томонидан узайтирилади" демоқда. Қолаверса, нима учун бу ҳақда бизга хабар қилинмади?

Ваъда қилинган расмий жавоб хати 3 август куни қўлимизга тегди. Унда шундай дейилади:

"Мурожаат бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди.

2011 йилда институт архив мудираси вазифасида Ирина Якобсон фаолият олиб борган. Архивариус 2013 йилнинг 11 июль санасида ўз аризасига асосан, лавозимидан бўшатилган. Унинг ўрнига Нодира Файзиева ишга қабул қилинган. Бироқ Н.Файзиева билан собиқ ходим ўртасида ҳужжатларни қабул қилиб олиш далолатномаси тузилмаган. Архивариус Н.Файзиева 21.11.2015 йилда ўқишга кирганлиги муносабати билан вазифасидан озод қилинган. Ректорнинг -Л– № 172-сонли буйруғи билан Юлдуз Абдуназарова архив мудирлигига тайинланган. Мазкур ҳолатда ҳам далолатнома тузилмаган.

Ишчи гуруҳ томонидан институт архиви ўрганилганда, абитуриент Гавҳар Бўтаевага тегишли ҳужжатлар жилди топилмади.

Далолатномалар юритиш тартибини бузгани учун Ю.Абдуназаровага меҳнат кодексига асосан, чора кўрилди.

А.Холбеков" институт ректори.

***

Ушбу жавоб хати янгидан янги саволлар туғилишига сабаб бўлди.

Аввало, масъулиятли лавозим учун ходимлар алмашинуви юз берганда топшириш-қабул қилиш далолатномасини тузиш устидан ким назорат ўрнатиши керак? Ўша мутасаддига нега чора кўрилмади?

Иккинчидан, ҳужжатни қабул қилиб олган, тилхатни имзолаган А.Болтаев ҳақида нима учун ҳеч гап айтилмаяпти? Балки, ҳужжатлар йўқолишига у сабаб бўлгандир?

Учинчидан, Ирина Якобсоннинг айби учун уни ҳатто кўрмаган Юлдуз Абдуназарова нега жазоланди? Мақсад кимнидир жавобгар қилиб, вазиятдан чиқишми?

Тўртинчидан (ва энг асосийси), Г.Бўтаеванинг масаласи шу билан ёпилдими? Энди унга етказилган моддий ва маънавий зарар ўрнини ким қоплаб беради? Нега институт ректори ўз хатида ушбу жиҳатга эътибор қаратмаяпти?

Бир фуқаро саккиз йил давомида ўзига тегишли ҳужжатни қайтариб ололмади. Самарқанд-Жиззах орасида сарсон бўлди (Анчагина маблағ ва асаб сарфлагани ҳам кундек равшан).

Жорий йилда ўқишга топшириб, яна омадини синаб кўрмоқчи эди. Ўзига боғлиқ бўлмаган сабаб билан бу режаси ҳам чиппакка чиқди.

Ишга кирмоқчи. Аммо иш берувчи томон маълумоти тўғрисида ҳужжат сўраяпти.

Дипломини қайта тиклай деса, матбуотда эълон чоп этиш, герб йиғими, давлат намунасидаги ҳужжатни йўқотгани учун жарима ва ҳоказо томонлари бор. Жайдари тилда айтганда, бу емаган сомсага пул тўлаш, дейилади.

Яна бир гап. Бошқа олий таълим муассасаларида ҳам бу каби ҳолатлар содир бўлмаётганига ишончимиз комил эмас.

Хуллас, жамиятшунослик фанлари доктори, профессор Абдуғани Жуманазарович Холбеков ечимсиз қолдирган муаммо ечимини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан кутамиз.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

 

 

Тракторчи-машинист янги гувоҳнома олиши шарт

Республкамизда тракторчи-машинистлар учун ҳам янги намунадаги гувоҳнома бериш тартиби жорий қилинди. Унда бир қатор талаблар назарда тутилган.

Соҳани техник-технологик жиҳатдан янгилаш ва шу орқали қўл меҳнатини камайтириб, маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ҳажмини ошириш бугунги куннинг асосий талабидир. Қувонарлиси, ишни шу тартибда ташкил этаётган тадбиркор, кластер ва фермер хўжаликлари сони кун сайин ортиб бормоқда. Бу соҳани тартибга келтириш зарурати туғилганидан далолат беради.

Шу сабабли, 2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб, эски намунадаги техник паспорт ва тракторчи-машинист гувоҳномалари алмаштирилади. Яъни, берилган ва амал қилиш санасидан қатъий назар республиканинг барча ҳудудида янги намунадаги ҳужжат амал қилади.

Нафақат қишлоқ хўжалиги, балки мелиорация, йўл-қурилиш техникаларини ҳам бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказиш мажбурий этиб белгиланди. Айни вақтга келиб, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан тумандаги 1753 та шу турдаги техникалар рўйхатга олинди.

Эски намунадаги гувоҳнома ва давлат рақами белгилари 2023 йилдан бошлаб ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади. Белгиланган тартиб-қоидага амал қилмаган шахслар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилган.

Келгуси йилдан бошлаб, кучга кирувчи ушбу тартиб, Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 17 апрелдаги "Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланди.

Вали МЎМИНОВ,

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг туман бўлими бошлиғи.

  • 12-08-2019
  • | 11 |
  • № 25