www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Эркингизни хорижга сотманг

Телевидениеда “Очиқ мулоқот” кўрсатуви берилаётган эди. Журналист бир аёлнинг мурожаатини мутасаддиларга ўқиб эшиттирди. Айтишича, маҳалладошларини Қозоғистон Республикасига ишлаш учун олиб кетган шахс топилмаяпти. Кетганларнинг ҳаёти хавф остида қолганмиш.

Афсуски, бу маълумотда ҳеч қандай муболаға йўқ. Уйдирма ҳам эмас. Балки куни кеча, қайсидир маҳаллада юз берган аянчли ҳолат. Осон пул топиш илинжида кетган инсонлар қуллик исканжасида азоб чекяпти. Ижтимоий сайтларда берилган сўнгги маълумотлар ҳам буни тасдиқлайди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида мазкур жиноят билан боғлиқ 123 та тергов, 168 та суд иши кўриб чиқилган. Одам савдоси ва жинсий эксплуатация жиноятлари учун 230 айбланувчи жазоланган. 116 таси қамоқжазосига ҳукм қилинган. 54 нафари озодликни чеклаш ҳукмини ўтамоқда. Шунга қарамай, юқоридаги ҳолатлар ҳамон учраб тургани кишини ташвишга солади.

2018 йилда одам савдоси мавзуси бўйича сўровнома ўтказилди. Унда қатнашган жабрланувчиларнинг 76 фоизи қуллик жиноятига ўзи сабабчи эканлигини тан олишган. Хўш, бу нимани англатади?

Биринчидан, кишиларда ҳуқуқий саводхонлик етарли эмас. Хорижда иш бошлашдан аввал тегишли идораларнинг мутахассиси билан маслаҳатлашмайди. Алдов қурбонига айланиб, жабр кўргачгина мурожаат қилишади.

Одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиянинг ишонч телефони 24 соат ишлаб турибди. Унга бўлаётган қўнғироқ ва мурожаатлар сони ўтган йили 511 тани ташкил этган. Шундан 72 таси одам савдоси қурбонларига алоқадор экани айтилмоқда.

Россия ва Қозоғистон мамлакатларига борувчи мигрантларнинг аксарияти оғир меҳнат шароитларида ишлашга мажбур. Турли йўллар билан кетган меҳнат муҳожирлари учун муносиб ҳақ тўланмайди. Шу сабабли Россиянинг меҳнат бозорига бўлган қизиқиш анча пасайди. Аммо Туркияга кетувчилар сони ортгани айтилмоқда. Ушбу мамлакатда 30 мингга яқин фуқароларимиз рўйхатга олинган. Шундан 2 минг нафари расмий иш визаси асосида фаолият юритяпти, холос. Тегишли идоралар тавсияси ва рухсатномасини олмай, ўзга юртда меҳнат қилиш эса қуллик жиноятига йўл очади. Ҳуқуқи, ҳимояси таъминланмаган шахсларнинг ҳаёти хавф остида қолиши муқаррар.

Давлатимиз меҳнат муносабатларида қатор хорижий давлатлар билан мустаҳкам ҳамкорликни йўл қўймоқда. Хорижга чиқиш, ишлаш имкониятлари анча кенгайди. Бундан тўғри ва унумли фойдаланиш орқали мудҳиш жиноятнинг олдини олган бўламиз.

Васлиддин ФОЗИЛОВ,

Самарқанд ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси,

адлия катта лейтенанти.

  • 05-10-2019
  • | 45 |
  • № 30