www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Қайнона-келин муштлашди...

Қайнона-келин келишолмаслиги оқибатида турли низолар юзага келиши бор гап. Бундай нохуш ҳолат оилавий ажримга сабаб бўлиши ҳам учрайди. Аммо бу сафаргиси барчасидан ошиб тушди.

Марҳабо Сулаймонова 65 ёшда. Нафақага чиқиб, фарзанду набиралар ардоғида яшайдиган давр. Аммо у аллақачон ҳуқуқбузарлик содир этиши билан эл орасида танилиб улгурган.

Насиба Суннатуллаева 19 ёшда. Шарм-ҳаё, ширинсуҳанлик билан эл-юрт дуосини оладиган палла. Аммо у ҳам келин бўлиб тушган илк кунидан аччиқ кесатиқлари билан қўни-қўшнилар орасида “шуҳрат” топди.

Шундай қилиб бу икки аёл бугун суд эшигида турибди. Маълум бўлишича, уларнинг ўзаро жанжали йил бошидан бери давом этиб келган. Маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари фаоллар ва профилактика инспектори иштирокида яраштириб қўйишган ҳам. Аммо низо давом этаверганидан улар ҳали-бери муросага келмайдиган кўринарди. Оқибат...

Кузнинг илк кунлари эди. М.Сулаймонова келини Н.Суннатуллаевага уй юмушларини чала қилаётганини айтиб, дошном беради. Ўз навбатида келин ҳам кесатиқ билан жавоб қайтаради. Ўртада даҳанаки жанжал чиқади. Бор гап шу.

Аслида бу ўзбек хонадони учун ярашмайдиган, хунук ҳолат. Афсуски, муҳит шу даражага етгандики, қайнона-келин бир-бирини ҳақорат қилиш, қўл кўтариш даражасига етади. Ўртада бошланган зиддият профилактика инспекторининг хизмат хонасигача етиб борди. Ҳар икки томон бир-бирининг устидан шикоят ариза ёзишга тушди.

Жомбой туман маъмурий судида воқеа тафсилотлари атрофилича ўрганилди. Гувоҳларнинг сўзлари, ҳуқуқбузарларнинг кўрсатмалари эшитилди. Қарор қабул қилишда уларнинг аёл экани, ўзаро ярашиб олгани инобатга олинди. Суд ҳайъати ҳуқуқбузарларга огоҳлантириш бериш билан чекланди. Зеро, эл орасида юзи шувут бўлишдан ортиқ жазо йўқ.

Умида ВАҲОБОВА,

Жомбой туман маъмурий суди раиси.

  • 12-10-2019
  • | 417 |
  • № 31