www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ёлғон ахборот ўзингизга ҳам, жамиятга ҳам зарар

Бугун ёлғончиликнинг замо­навий кўриниши пайдо бўлган. Ижтимоий тармоқларда асоссиз маълумот тарқатиш, бўҳтон ва уйдирма тўқиш, фитна қўзғаш одатий ҳолга айланиб бораётгани хатарли.

Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сурасининг 6-оятида шундай дейди: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда би­рор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пу­шаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”.

Қолаверса, Пайғамбар алайҳиссалом: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапири­шининг ўзи кифоядир”, деганлар.

Хўш, ёлғон ахборот қандай ёмон оқибатга олиб келади?

Шариатимизга кўра, му­сулмоннинг обрўсини тўкиш худди қонини тўкиш ёки мо­лини ўзлаштириш каби ҳаром иш ҳисобланади.

Муҳаммад (с.а.в)дан келган ривоятда шун­дай нақл қилинади: “Жаброил (алайҳиссалом) мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг ол­дидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, у билан юзлари ва кўксиларини тимдалашарди. Эй Жаброил, булар кимлар, деб сўрадим. Одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўсини тўккан кимсалардир, деди”.

Инкор этмаймиз, илм- маърифат ва зиё тарқатишнинг муҳим воситаларидан бири си­фатида хизмат қилаётган онлайн нашрлар, саҳифалар ҳам кўп. Ўзбекистон мусулмонлари идо­раси ва унинг тизимидаги мас­жид, мадраса, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда имом-ха­тибларнинг веб-саҳифалари орқали халқимиз ва бутун дунё­даги ўзбекзабон мусулмонларга диний-маърифий маълумотлар етказилмоқда.

Бироқ, ҳар нар­санинг яхши ва ёмон томони бўлганидек, сўнгги пайтларда иж­тимоий тармоқларнинг ҳам жид­дий хатарлари юзага чиқяпти.

Террорчи тўдалар, адашган фирқалар ва бошқа бузғунчи кучлар бу имкониятдан фойда­ланган ҳолда одамларни, айниқса ёшларни тўғри йўлдан адашти­риш, улардан ўзларининг манфур мақсадлари йўлида фойдаланиш, уруш оловини ёқишга урини­шяпти. Бунга маълум маънода эришишмоқдалар ҳам...

Яқин тарихимизда “Араб баҳори” деб ном олган Шарқ давлатларидаги инқилоб ва зиддиятларни эслайлик. Асли­да фитна уюштириш, адоват уруғини сочиш динимизда оғир жиноят ҳисобланади. “Бақара” сурасининг 217-оятида “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...”, деб қайд этилгани бежиз эмас.

Демак, замонавий қурилмалар, имкониятлардан оқилона фойдалансак, ёшларни ақлан ва руҳан тўғри тарбия олиши, тур­ли ёт қарашлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун ҳушёр турсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ислом ХИДИРОВ,

Ушунтепа жоме масжиди имом-хатиби.

  • 05-11-2019
  • | 26 |
  • № 32