www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

МАХСАР МОЙИ ФОЙДАЛИ

Махсар ўсимлиги бутун дунёда харидоргир маҳсулот сифатида етиштирилади. Унинг мағзида фойдали олеин кислотаси бор. Шу жиҳатдан зайтун мойига тенглаштирилган.

Ўсимликдан озиқ-овқат саноатида маргарин олинади. Оқ эмал ва турли бўёқларга тиниқ жило бериш учун техник ёғ ҳам тайёрланар экан. Саноатда алиф, лак, совун ишлаб чиқариш, гултож баргидан эса миллий мато ва пахта толасини мустаҳкамлашда қўллаш мумкин. Қисқаси, махсар етиштириш бугун даромадли соҳага айланди.

Ўсимлик уруғи, уни, кунжараси таркибида парранда ва чорва моллари учун тўйимли озуқа моддалари мавжуд. Сувсизликка чидамли. Агротехникаси жуда оддий. Лалми, очиқ майдонда экиладиган бўлса, кузда шудгор қилинган ер баҳорда чизелланади ва ўт босган жойлари кўндаланг ишланади.

Ўсимликнинг вегетация даври 90-120 кунни ташкил этади. Ерга уруғ қадаш жараёни февраль-март ойлари якунланиши керак. Милютин-114 ва Fаллаорол навлари тупроқ иқлим шароитимизга мос. 5-7 сантиметр чуқурликда экиш лозим. Бунинг учун СЗТ-3,6 русумли ғалла сеялкаси ишлатилади. Ўрта ҳисобда гектарига 20-25 килограмм уруғ қадаш мақсадга мувофиқ. Қатор оралари 30-45 сантиметр қилиб олинади.

Вегетация даврида поясининг учини чилпиш ҳосилга ҳосил қўшади. Гуллаш арафасида ҳар гектарига биттадан асалари оиласи қўйиладиган бўлса, уруғнинг сифати яхшиланади. Пишиб етилиш вақти баргларнинг сарғайиб, қуриб қолиши билан кечади. Аммо уруғлар бир хил муддатда пишиб етилмайди. Ҳосилни ғалла ўрим комбайнларида ўриб-йиғиб олиш ишни қулай ва самарали якунлаш имконини беради.

Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

  • 25-03-2017
  • | 277 |
  • № 10