www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

"ЕРЁНҒОҚ ЭКМОҚЧИМАН..."

-  Фермер хўжалигимиз асосини унумдор ерлар ташкил этади. Шартномавий режадан ташқари такрорий экинлардан ҳам юқори ҳосил оламиз. Эндиликда ички бозор талабидан келиб чиқиб, ер­ёнғоқ етиштиришни режалаштиряпмиз. Бу туманимиз деҳқончилиги учун қарийб янги соҳа. Шу боис, ушбу экинни экиш технологияси, парвариши ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз?

Ҳ.FАЙБУЛЛАЕВА,

"Васлиддин зарли даласи" фермер

хўжалиги раиси.

– Ерёнғоқ тупроқ ҳарорати 12 даражага етганида, апрель ойидан бошлаб экилади. Қатор оралари 60, 70 сантиметр, баъзан қўшқатор шаклида 90 сантиметр кенгликда олиниши лозим. Сеялка ёрдамида ҳосил қилинган эгатли майдоннинг бир гектарига 60-80 килограмм уруғ қадалиши ўртача меъёрни таъминлайди.

Уруғлар тупроқ ҳолатига қараб, енгил, соз тупроқларда 6-8 сантиметрдан, оғир тупроқларда эса 6 сантиметр чуқурликда экилса, илдиз пояси касаллик ва табиат инжиқликларига чидамли бўлиб ўсади.

Ҳосил пишиб етилгунга қадар 3-5 марта ишлов берилиб, суғорилади. Ўғитлашни гектарига 10-15 килограмм азот, 60-80 килограмм фосфор ва 40-60 килограмм калий ҳисобида амалга ошириш лозим.

Маҳсулотдан истеъмол ёғи олинади. Кунжараси таркибида 50 фоиз оқсил, 8 фоизгача ёғ ва витаминлар бор. Пўсти ва пояси чорва учун тўйимли озуқадир. Уруғида 40 фоиз оқсил, 50-60 фоизгача мой сақлайди. Хитой ёнғоғи дея аталувчи ушбу хуштаъм маҳсулот қандолатчилик, озиқ-овқат саноатида кенг ишлатиб келинмоқда.

Fаллазорлардан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида экишнинг фойдали жиҳатлари кўп. Ўсимлик илдизи орқали тупроқда биологик азот тўплайди. Айни шу жараён келгуси йил учун экилажак экинга табиий озуқа бўлиб хизмат қилади.

Ўсимликнинг ватани – Жанубий Америка. Кейинчалик АҚШ, Хитой ва Европа давлатларида кенг тарқалган. XIX асрдан Украина, Кавказ орти ва Марказий Осиё республикаларида етиштириб келинмоқда.

Ерёнғоқ дуккаклилар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик. Ўқ илдизли, пояси тик ўсувчан хусусиятга эга. Гули ўзидан чангланади. Барглари жуфт патсимон, гуллар шингил ёки рўвак ҳолда бўлади. Дуккак деб аталувчи меваси найсимон, юпқа тўрпардали ҳолатда, уруғлар бир қатор шаклда 1-5 тадан жойлашади.

Юртимизда Краснодар-1708, Перзуван-46-2 ва Тошкент-32 навларининг юқори ҳосил бериши деҳқончилик тажрибасидан маълум. Ерёнғоқ биологик хусусиятларига кўра, иссиқсевар экин ҳисобланади. Шу билан бирга намлик, тупроқ унумдорлиги ва ёруғликни бирдай талаб қилишини ҳам унутмаслик керак.

Ўсимликнинг яхши ўсиб ривожланиши учун 22-25 даража ҳароратнинг ўзи етарли. Аммо 37 даражадан юқори ҳарорат салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Поялари 70-75 фоиз сарғайиши билан ўримга киришилади ва бу жараён механизация усулида, ўрим комбайнлари орқали амалга оширилади.

Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси  Бекзод БЎЛТАКОВ жавоб берди.

  • 10-04-2017
  • | 336 |
  • № 12