www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

ПИСТА ПЎЧОҒИ – САНОАТБОП МАҲСУЛОТ

Гап мағзи олинган кунгабоқар пўчоғи ҳақида бормоқда. Чақиб, ташлаб юборишга одатланганимиз бу пўчоқдан сифатли қоғоз ишлаб чиқариш мумкинлигини, балки билмассиз. Тағин, унинг таркиби этил спиртига бой. Фурфурал моддаси айнан кунгабоқар пўстлоғида мавжуд. Тиббиёт ва саноат учун зарур бўлган бундай хом ашёлар сони фақат шу билангина чекланмайди.

Миришкор деҳқонларимиз кунгабоқар экишнинг ҳадисини олиб улгуришган. Ўсимликдан юқори даромад олиш эса энди бошланган жараён. Маргарин, консерва маҳсулотлари, қандолатчилик, бўёқ ва лак ишлаб чиқариш, совун пиширишда қимматли хом ашё сифатида фойдаланиш кенг тус олмоқда. Кунжараси чорва учун тўйимли озуқа. Унинг таркибида 32-35 фоиз ҳўл оқсил, 20 фоизга тенг ёғ ва углеводлар бор. Агар батафсил таққослайдиган бўлсак, ўсимлик биринчи рақамли чорва озуқасига айланиши шубҳасиз.

Қолаверса, уруғнинг ўзида 55-60 фоиз қимматли ёғ, "А", "Д", "Е" дармондорилари мавжуд.    Меваси писта ҳам дейилади. 1000 дона уруғнинг вазни 40-75 граммга тенгдир. Ўсимликнинг ватани шимолий Америка.

Экиш ва парвариш усули тўғри олиб борилса, пояси шунча пишиқ, қалин, бош қисми йирик ва писта мағзи тўқ бўлиб етилади. Уруғи тупроқдаги ҳарорат 4-6 даража бўлганида бўртиб, уна бошлайди. Бўз ва ўтлоқ майдонда яхши ўсади. Туманимиз шароитида "Санбред-254", "Лучафэрул", "Красотка" ва "Жаҳонгир" навларини экиш тавсия этилади.

Кунгабоқар уруғи борона ва мола тортилган, нами етарли тупроққа қадалади. Шуни алоҳида эътиборга олиш зарур:  аввал етиштирилган майдонга такрорий экиладиган бўлса, бегона ўтларнинг кўпайиш эҳтимоли ошади. Бунга қарши "Трефлан", "Гезагард-50", "Прометрин" гербицидини қўллаш керак. Қатор оралари "КР Х4-4,2" русумли культиватор билан ишланади. Дастлаб 6-8, кейинчалик 10-12 сантиметр чуқурликда ишлов бериш тўғри бўлади. Бу тадбир экин бўйи 60-70 сантиметр бўлгунга қадар олиб борилади.

Вегетация мавсумида 4-5 марта суғориш етарлидир. Ҳосилдорлик юқори бўлиши учун қўшимча чанглатишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Сохта ун, шудринг, оқ чириш, қорамтир чириш ва занг касалликлари хуружига қарши муҳофаза чораларини қўллаш керак. Кунгабоқар саватчаларининг орқа қисми 90 фоизга қадар сариқ ва қўнғир тусга кирганида, яъни намлиги 12-14 фоизни ташкил этган вақтида ўрим комбайни билан йиғиштириб олинади.

Хидирали БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалик фанлари доктори.

  • 24-04-2017
  • | 320 |
  • № 14