www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

ҚАДИМ ЙЎЛНИНГ ЯНГИ ҚИЁФАСИ

Буюк Ипак йўли дунё тарихида энг узун ва донғи кетган йўл ҳисобланади. Манбаларда қайд этишларича, Ўртаер денгизидан Хитойга қадар чўзилган Буюк Ипак йўли қуруқлик ва денгиз бўйлаб 5000 миль ёки савдо карвонлари йўлининг узунлиги 7000 километрдан ортиқ бўлган.

Бу қадимий ва афсонавий йўл азалдан жуда серқатнов бўлган. Савдогарлар бу йўл орқали Хитойдан ипак хом ашёси ва матолар, чинни буюмлар, чой, Яқин Шарқ мамлакатларидан жун ва ип газлама, Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларидан зироварлар, қалампир, қалампирмунчоқ, долчин, мускат ёнғоғи каби маҳсулотлар ташишган. Туя – бу йўлнинг асосий транспорт воситаси бўлган. Кейинчалик Яқин Шарқ, Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиё соҳиллари бўйлаб денгиз савдо йўли ривожлана бошлагач, қуруқликдаги йўлнинг аҳамияти пасая борди. Бунга асосий сабаблардан бири қуруқлик йўли хатарли эди. Саҳро жазирамаси, чўл тўфони, қароқчилар хужуми бора-бора денгиз савдо йўлининг аҳамиятини оширди. Бундан ташқари, денгиз саёҳати бирмунча қизиқарлироқ ҳам эди.

XIV асрдан бошлаб турли иқтисодий омилларга боғлиқ ҳолда бу йўлнинг аҳамияти бир мунча йўқолиб, XVIII асрларга келиб, тўхтаб ҳам қолган. Аммо, бу Буюк Ипак йўлининг батамом тўхтатганлигини англатмас эди. Ўша даврларда ҳам савдо йўлининг маҳаллий шохобчалари ишлайверган. Шу боис Буюк Ипак йўли ўз ўрнида Табриз, Хурмуз, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Ўтрор, Қашқар, Турфон, Хотан, Дунь-Жуань каби бир қатор шаҳарларнинг равнақ топишида муҳим роль ўйнаган. Хусусан, Самарқанд Буюк Ипак йўлининг қуруқликдаги бандаргоҳи саналган. Шу ўринда Буюк Ипак йўли атамаси олмон тарихчиси, "Хитой" китоби муаллифи К.Рихтгофен томонидан киритилганлигини айтиб ўтиш лозим.

Буюк Ипак йўли асрлар давомида ўзбек ва хитой халқининг нафақат савдо алоқалари, балки моддий ва маънавий маданияти ютуқларини умумлаштиришда, илм-фан ва санъатда эришилган муваффақиятларни ўзаро тарғиб этиш ва кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бугун ҳам бу анъаналар изчиллик билан давом эттирилиб, ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд транспорт-коммуникация тармоқларини таъмирлаш ва уларнинг транзит имкониятларини ошириш, темир йўлларни барпо этиш борасида амалга оширилаётган ишларда намоён бўлмоқда.

Савдо йўлларининг мамлакатимиз тараққиётидаги аҳамиятини тўғри баҳолаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 1992 йилнинг март ойида Хитойга қилган ташрифи чоғида: "Хитой буюк давлат. Бу халқ қадимий маданият ва тарихга эга. Бизни Хитой билан жуда кўп жиҳатлар боғлаб туради. Шарқ билан Fарбни боғлаган Буюк Ипак йўли ана шундай ришталардан биридир. Биз ана шу қадимий йўлнинг яна гавжум бўлиб, янгича мазмун касб этишини истаймиз", дея таъкидлаган эди.

Ўша пайтда Президентнинг транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш тўғрисидаги таклифи Хитой бош вазири Ли Пеннинг қуйидаги сўзлари билан қўллаб-қувватланганди: "Ҳозирги кунда Хитойда теран иқтисодий янгиланишлар жараёни бормоқда. Ўзбекистон билан Хитой ўртасида иқтисодий алоқалар кўнгилдагидек ривожланмоқда. Келгусида ҳам Ўзбекистон билан барча соҳаларда ҳамкорликни давом эттирамиз. Ўтмишда Буюк Ипак йўли мамлакатларимиз халқларини бир-бирига боғлаб турган. Эндиликда янги Буюк Ипак йўлини барпо этишимиз лозим. Умид қиламанки, дўстлик алоқаларимиз аждодларимизникидан ҳам мустаҳкам бўлади".

Шу тариқа узоқ тарихга эга Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигига янгича асос солинди. Шунга ҳам чорак аср тўлибди. Мана шу қисқа давр ичида эзгу ниятлар ва мақсадлар рўёби йўлида дадил қадам ташланиб, улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, 1997 йилнинг 24-28 апрель кунлари Тошкентда транспорт йўлларини таъмирлаш, ундан фойдаланиш ва шу йўналишда темир йўл қурилиш масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди. Конференция ишида бунга қизиқиш билдирган 18 та хорижий мамлакат вакиллари иштирок этди. Мазкур конференциянинг мақсад вазифаларидан келиб чиққан ҳолда 1998 йил 19 февралда Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой ҳукуматлари ўртасида Тошкент – Андижон – Ўш – Қашқар автомобиль транзит қатнови тўғрисидаги битим имзоланиб, йўл қурилиши бошлаб юборилди. Ушбу йўлнинг умумий узунлиги 940 километрни ташкил этади. Денгиз сатҳидан турлича баландликдаги 5 та довон оша ўтувчи (шундан иккитаси Ўзбекистондаги Қамчиқ ва Резак, Қирғизистондаги Чайирчиқ, Толдиқ, Таунмуран) йўлнинг асосий қисми, яъни 408 километри Ўзбекистон, 272 километри Қирғизистон ва 260 километри Хитой ҳудудига тегишлидир.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти 2012 йил 5-7 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи чоғида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл магистралининг қурилишига оид битимлар имзоланди. Шунга мувофиқ, 2013 йилнинг июнь ойида бошланган ва умумий қиймати 445 миллион долларлик қийматга эга "Ангрен – Поп" темир йўл қурилиши амалга оширилди. Хитойлик ҳамкорлар билан бу лойиҳада кўзда тутилган қурилиш ишлари 2016 йил август ойида поёнига етказилди ва электр поездлари қатнови йўлга қўйилди. Бу йўл Ўзбекистоннинг марказий қисмини Фарғона водийси билан боғлаш баробарида Европа қитъасини Осиё билан боғлашга хизмат қилувчи трансмиллий транспорт йўлининг муҳим бўғинига айланиши ҳаётий ҳақиқатдир. Қолаверса, бу лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши транспортда ташиш вақти ва масофасини бугунгига нисбатан 7-8 кунга ва 900 километрга қисқартириш, ҳар йили ташиладиган юклар ҳажмини амалдаги 5 миллион тонна ўрнига келгусида 17-20 миллион тоннага етказиш имконини беради.

Хуллас, бу йўлнинг тўла қувват билан ишга туширилиши дунё иқтисодиётидаги вазиятнинг ўзгаришига хизмат қилади. Муҳими, экспорт салоҳиятига эга саналувчи Хитой учун Қора ва Каспий денгизлари ҳамда Форс кўрфази сари йўл очса, ўз навбатида Ўзбекистон учун Тинч океани бандаргоҳига чиқишга имкон яратади. Шу тариқа бу йўл мамлакатимизнинг халқаро транзит – юк ўтказмалари соҳасидаги аҳамиятини оширади ва юртимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади.

Ёқуб АМИНОВ.

  • 01-05-2017
  • | 272 |
  • № 10