www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Жомбойдан АҚШга

Саноат тармоқларининг кенгайтирилаётгани мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатларини таъминламоқда. Чунончи, ўтган йили туманимизда иш бошлаган "Jomboy OIL" масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулоти нафақат ички бозор талабини қондириш, балки экспортга йўналтирилаётгани билан ҳам аҳамиятга молик. Бу ўз навбатида саноатнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушига муносиб ҳисса қўшаётир.

Қисқа вақт ичида иш бошлаган корхонада технологик жараёнлар тўлиқ компъютерлаштирилган. Хитой, Туркия ҳамда Болгариядан келтирилган замонавий ускуна ва дастгоҳлар бир кеча-кундузда 60 тоннагача хом ашёни қайта ишлаш имконини бермоқда. Бинобарин, жорий йилнинг беш ойида 200 тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилди. Қолаверса, кунгабоқар шроти чорвачилик ва паррандачилик тармоғи учун зарур озуқа манбаи сифатида буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Яқинда тозалаш, ҳидсизлантириш, филтр­лаш цехлари ёнида қадоқлаш тармоғи  ҳам иш бошлади.

– Бир кеча-кундузда 50 тонна маҳсулотни қадоқлаш имконини берувчи янги цехимизда 22 нафар қўшимча иш ўрни яратилди, – дейди бош муҳандис Аҳмад Мардонов. – Замонавий ускуна ва дастгоҳларни касб-ҳунар коллежини тамомлаган маҳаллий ёшлар бошқармоқда. Албатта, қадоқлашгача бўлган маҳсулот бир нечта босқичдан ўтади. Совун моддаси ажратиб олингач, 240 даража ҳароратда қиздирилган ёғ ҳидсиз ҳолда совутилиб, тиниқлаштирилади. Сўнгги босқичда узатиш қувурлари орқали қадоқлаш бўлимига келиб тушади. Ҳозирча тайёр маҳсулот уч ҳажмдаги полэтилен идишларга қадоқланяпти.

– Ўтган йили касб-ҳунар коллежини тамомлаб, корхонанинг қадоқлаш бўлимида иш бошладим, – дейди корхона ишчиси Ления Насриддинова. – Хитойлик мутахассислар кўмагида технологияларнинг ишлаш тартибини ўргандик. Мазкур цехда ўндан ортиқ хотин-қизлар меҳнат қилишади. Асосий ишни технология ёрдамида бажарамиз. Бу ўз навбатида иш сарфини тежаб, меҳнат унумдорлигини оширмоқда. Асосийси, ходимлар учун қулай иш ва меҳнат шароитлари яратилган.

Корхонада босқичма-босқич амалга оширилаётган техник ва технологик янгиланишлар экспорт имкониятларини кенгайтириши шубҳасиз. Қолаверса, республикамизда фаолият юритаётган бундай корхоналар саноқли. Шу сабаб уларда ишлаб чиқарилаётган ўсимлик ёғига ички бозорда ҳам талаб юқори. Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар келгусида ўзимиздан ортиб АҚШ, Афғонистон ва Ҳиндистон сингари қатор мамлакатларга экспорт қилиниши режалаштирилган. Ишлаб чиқаришни модернизациялаш қўшимча қийматли маҳсулот турини кўпайтириш билан бир қаторда янги иш ўринлари яратилишига ҳам замин бўлаётир.

Шерзод ИСОҚУЛОВ.

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 23-06-2017
  • | 352 |
  • № 19