www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Иш ўрни йўқ ярмаркалар…

...та иш ўрни яратилди. Ярмаркада 90 нафар фуқаролар ишли бўлди. Юзта корхона-ташкилотлар 200 ёки 300 та бўш иш ўринлари билан қатнашди. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг юз фоиз бандлиги таъминланди.

Бу рақамларни бирорта ижтимоий тармоқ ёки газета-журналдан излаб ўтирманг. Чунки, булар шунчаки жимжимали, расмиятчилик учун айтилган маълумотлар. Афсуски, кўпчилигимиз шунақа сохта маълумотларга ўзимизни ишонтиришга ўрганиб қолганмиз. Секин-аста бунақа кўзбўямачиликка чек қўйиляпти, дейишингиз мумкин. Аммо, бу борада ҳам хулоса қилишга шошмаган маъқул.

Яқинда коллеж битирувчисининг отаси фарзандининг бир даста ҳужжатларини олиб келди. Айтишича, таълим муассасасидан бериб юборишибди. Фарзандини ишга олишимиз тўғрисида шартнома қилишимизни сўради. "Биз фарзандингизни ишга ололмаймиз, штатлар жадвали йил бошида тасдиқланган. Қолаверса, боланинг мутахассислиги тўғри келмаяпти", деб ётиғи билан тушунтирдик.

– Ҳаммасини тушунаман, келинг, овора қилманг. Ишга олмасангиз ҳам майли, шартнома қилиб берсангиз бўлди. Фарзандим курсдошларининг ёнида хижолат бўлмасин, – деб ўзи хижолат тортди.

Шу ўринда аччиқ саволлар юзага келади. Хўш, бу иши билан ота фарзандига яхшилик қиляптими ёки ўзини ўзи алдаяптими? Айнан мана шундай ҳолатлар юқорида айтилган юзлаб, минглаб иш ўринларининг "пайдо" бўлишига замин яратмаяптими?

Бундан ташқари, ота фарзандининг ҳужжатларини олиб, ташкилотма-ташкилот иш излаб юриши қайси мантиққа тўғри келади? Умуман, бунақа ҳужжатни ўқувчининг қўлига беришга коллеж маъмуриятининг ҳаққи борми? Шубҳасиз, йўқ. Буни ота-она ҳам яхши билади, таълим муассасаси ҳам. Афсуски, икки томон ҳам бунга кўниккан.

Ўша ўқувчининг қўлига "ўзингга ўзинг иш топ", деб ҳужжатларни тутқазган гуруҳ раҳбари ташкилотга келди. Аввалига у ҳам эски гапни такрорлади: "Шартнома қилиб беринг, отаси ҳам рози. Яхши ўқийди, институтга ўқишга кирса, муаммо бўлмайди", деди.

Гуруҳ раҳбарига била туриб боланинг келажаги билан ўйнашаётганини эслатдик. Ўқувчининг отасига "иш топ", деб ҳужжатларни тутқазгани аслида катта хато эканини тушунтирдик. Шундан сўнг у юрагини очди: "Тушунинг, менга ҳам осонмас, гуруҳ раҳбарларининг мажбурияти бор. Ўқувчиларимиз бандлиги таъминлангани тўғрисида ҳисобот беришимиз керак..."

Дарҳақиқат, ўша коллеж маъмурияти бу ўқувчини сўралган жойларга ишга жойлашди, деб маълумот беради. Афсуски, бунақа "тизим" аллақачон амалда. Аксарият коллеж битирувчиларини фермер хўжаликларига ишчи сифатида "қабул қиламизу" унинг тақдири билан эртага ишимиз йўқ. Хўжалик раиси фарзандини ишлатмагани учун ота-она ҳам дардини бировга айтолмайди. Чунки, шу келишувга у олдиндан рози бўлган.

Бундан ташқари, аксарият ҳолатда анъанага айланган бўш иш ўринлари ярмаркаларини ҳам расмиятчилик учун ўтказишга одатланиб қолдик. Кўпинча бўш иш ўрни сифатида таклиф этилаётган ходимнинг маоши жуда паст кўрсатилади ёки ҳақиқатан ҳам шундай. Табиийки, ишсиз фуқаро бундай вазиятда ёлланма ишчиликни афзал билади. Яъни, талаб ва таклиф бир-бирига мувофиқ келмайди.

Ширин ёлғон ҳеч кимга керакмас. Келинг, ишга жойлаштирдик, бандлиги таъминланди, каби сохта маълумотлардан тийилайлик. Коллеж битирувчисини сўраладиган муддатдагина ишли бўлганидан наф йўқ. Бу эртага яна ишсизлар сонининг ортишига замин яратади. Ундан кўра, битирувчи амалда бирор касб ёки ҳунар эгаси бўлсин. Имтиёзли кредит олиб, ўз бизнесини бошласин. Вақт йўқотмай, дурадгоргами, сартарошгами шогирд тушсин. Ҳеч бўлмаганда, аниқ ҳолатни ҳис этиб, ҳаракат қилсин.

Хўш, сиз фарзандингизнинг ишга жойлашмай, ишдан ҳайдалишига розимисиз?

Исомиддин ПЎЛАТОВ.

  • 21-02-2018
  • | 351 |
  • № 7