www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Эгилувчан қувурлар сув танқислигини бартараф этяпти

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, бу йил Зарафшон дарёсида сув сатҳининг кескин камайиши кузатилган. 635 миллион м3 куб сув оқиши керак бўлган дарёда айни вақтда 356,8 миллион м3 куб сув бор. Қиш ва баҳор ойларининг нисбатан ёғингарчиликсиз келгани айниқса, қишлоқ хўжалик экинлари парвариши учун муҳим палла ҳисобланган июнь ойида сув тақчиллигини оширди. Айни вақтда экин майдонларига ўрнатиш тавсия этилаётган эгилувчан қувурлар муаммонинг самарали ечими сифатида баҳоланмоқда. Замонавий, арзон ва ихчам технология сув сарфини тежаб, юқори ҳосил олишга замин яратяпти.

Эгилувчан қувурнинг асосий қисми полиэтилен шлангдан иборат бўлиб, 70-90 сантиметрли ўқ ариқни эслатади. Бешбола маҳалласи ҳудудида жойлашган "Бешбола агро век" масъулияти чекланган жамияти ушбу мосламани биринчилардан бўлиб амалиётга татбиқ этди.

– Қувурларни лизинг асосида харид қилдик, – дейди жамият раҳбари Рустам Файзуллаев. – Ер майдонимиз 240 гектардан ошади. Сабзовот ва полиз маҳсулотлари етиштиряпмиз.

Ўзбекистон, Х.Низаматов ва Зарафшон ММТП ҳудудидаги 120 гектар майдонга бу йил булғор қалампири экдик. Бу сувга талабчан экин. Вегетация даври уч ой бўлса-да 15-16 марта суғориш керак. Сир эмас, бу йил сув тақчиллиги анча сезилиб қолди. Шу боис эгилувчан қувурлардан беш жамланма келтирдик. Ҳозир ишимиз анча енгиллашган.

Олайлик, авваллари бир гектар майдондаги эгатнинг ҳар бири суткасига 300-400 литр сув ичарди. Эндиликда бу миқдор 15-17 литрдан ошмайди. Битта суғориш ускунаси билан 20 гектар майдонни бемалол суғориш мумкин. Қувурлар полиэтилендан бўлгани боис, ўраш, йиғиштириб, тахлаш осон. Исталган жойга ўтказиш, далани бўлиб суғориш жуда қулай. Илгари беш гектар ерга 3-4 нафар сувчи сув тараган. Кечаси иш яна ҳам қийинлашарди. Қаергадир сув кўп борса, тўпланиб, уватни ювиб кетарди. Совуқ бўлса, экин илдизига зарар етади. Эгилувчан қувур ана шу зарарнинг олдини оларкан. Беш-олти гектар майдонни битта сувчи назорат қилиб турса бас. Сув бир маромда оқиб, экинлар илдизигача етиб бораверади.

– Тежамкор ускуна сув тақчиллигини юмшатиш баробарида ҳосилдорликни оширади, – дейди туман ирригация бўлими раҳбари Абдумуталлиб Ризаев. – Эгилувчан қувур учун ўқ ариқ очиш шарт эмас. Шу орқали гектаридан 5-6 сотих жой тежалади. Ҳосилдорлик саккиз-ўн центнерга ошади. Бугунги кунда бир жамланма қувурнинг нархи 2 миллион 600 минг сўм. Фермерларга янада қулай бўлиши учун лизинг асосида харид қилиш имконияти яратилди. Ушбу маблағнинг 50 фоизи олдиндан тўланиб, қолган қисми икки йил ичида қоплаб борилади.

Шу ойнинг ўзида 22 та фермер хўжалиги яратилган имкониятдан унумли фойдаланиб, суғориш технологиясини харид қилган экан. Қизиқиш ва талаб эса кун сайин ошиб бормоқда. Лизинг ажратиш масаласи билан бевосита вилоят "Зарафшон" ирригация тизимлари ва сув ҳавза бошқармаси ва тижорат банклари шуғулланяпти.

Шерзод ИСОҚУЛОВ, "Жомбой тонги" мухбири.


  • 14-06-2018
  • | 316 |
  • № 22