www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Қорамолни кушхонада сўйинг

Охирги пайтда кушхоналар масаласи тез-тез тилга олин­япти. Талабга мутлақо жавоб бермайдиган қассобхоналар ҳақли эътирозга сабаб бўлаётгани бежиз эмас. Махсус шароитларга эга бўлмаган бундай кушхоналар саломатлик билан боғлиқ қатор муаммоларни келтириб чиқаради. Хўш, бу масала ветеринария ходимларини қанчалик ўйлантиряпти? Қассобларни-чи? 

– Ўн беш йилдан бери шу касб билан шуғулланаман, – дейди Нодир Ҳайдаров. – Бир пайтлар махсус кушхоналар бўларди, улар йўқолиб кетгач, ишимиз қийинлашди. Ҳар бир қассоб уйидан кушхона очишни бошлади. Уларни талабга жавоб беради, деб бўлмайди. Чунки гўшт ва қон қолдиқлари нохуш ҳид чиқаради. Мунтазам дезинфекция чоралари кўрилмаса, кушхона кемирувчи ва зарарли ҳашаротлар маконига айланади. Натижада, маҳалла-кўй, қўшнилар норози бўлишади.

Уларни аҳоли яшаш жойларидан беш юз метр узоқликда қуришимиз керак экан. Бу қассобга ортиқча ташвиш бўлмайдими? Етарли шароитни таъминлаш учун катта маблағ зарур. Шундоқ ҳам ҳайвонларни бошланғич ветеринария кўригидан ўтказмасдан туриб сўйишга рухсат беришмайди. Тағин, гўштни қаерда тозалаб келтирганимиз ҳақида маълумот сўрашади. Қўлингизда ҳужжат бўлмаса, гўшт сотишга рухсат йўқ эди. Яқинда замонавий кушхона ишга тушгани ҳақида эшитдик. Хусусий тадбиркор барча шароитларни яратибди. Ветеринария хизмати йўлга қўйилган, қорамол ва қўйлар сўйишдан олдин махсус кўрикдан ўтказиляпти. Гўшт ва иккиламчи гўшт маҳсулоти талаб даражасида тозалаб берилмоқда. Хизмат нархлари ҳам маъқул бўлди. Терисини тадбиркорга сотсангиз, ортиқча ҳақ тўлашга ҳожат қолмайди. Қайтимини ҳисоблаб оласиз.

Дарҳақиқат, шу вақтга қадар туманимизда тайинли кушхона бўлмаган. Иккиланмай айтиш мумкинки, бунга соҳа мутасаддиларининг бепарволиги сабаб бўлди. Агар, ушбу жараён хусусий тадбиркорга яқиндан кўмак, амалий тавсия бериш, соҳага қизиқтиришдан бошланганида вазият бошқача тус оларди.

– Санитария кушхонаси яқин вақтгача бор эди, – дейди туман ветеринария бўлимининг лаборатория врачи Ботир Душанов. – Аммо бир муддат эътиборсиз қолди. Ҳозир ҳам таъмирталаб. Бўш ётибди. Кушхоналар фаолиятига эътибор қаратилаётгани айни муддао бўлди. Очиғи, бозордаги гўштнинг сифатини текшириш билан чекланиб қолгандик. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказиш қоидаси ишламаётганди. Ҳолбуки, ҳайвон сўйиш учун аввалдан рухсатнома олиш шарт. Туғилганига 14 кундан ошмаган, юқумли касалликларга чалинган ҳайвонларни сўйиш тақиқланади. Ток уриши, музлаш, чўкиш, ёнғин ва бошқа сабаблар билан нобуд бўлган уй ҳайвонлари гўштини озиқ-овқат учун ишлатиб бўлмайди. Улар ўша заҳоти утилизация қилиниши керак.

Янги қурилаётган замонавий кушхоналарда бу тартиб жорий этиляпти. Умумий ва махсус сўйиш зали, ювиниш, дам олиш, лаборатория, иккиламчи гўштни тозалаш, қон қайнатиш хоналари мавжуд. Асосийси, ишни технология бажаради.

Яқинда 50га яқин қассобни рўйхатдан ўтказдик. Хонадонлардан рухсатсиз очиб олинган, санитария-гигиена талабларига зид кушхоналар фаолиятини тўхтатиш чоралари кўриляпти.

Шу жараёнда хусусий тадбиркор Иброҳим Каримов томонидан қисқа вақт ичида ишга туширилган замонавий кушхона фаолияти, шароитлари билан ҳам танишдик.

– Корхонамизда тери маҳсулоти қайта ишланиб, пойабзал тайёрланади, – дейди "Жомбой пойабзал" масъулияти чекланган жамияти бошлиғи И.Каримов. – Уч миллиард сўмлик банк кредити олиб, ёнидан кушхона очдик. Россиядан келтирилган технология кунига 50 бош қорамол ва қўйни сўйиш, тозалаш қувватига эга. Лекин ҳозирча тўла қувват билан ишлаётганимиз йўқ. Кунига 3-4 бош ҳайвон келтирилади. Қассоблардан ташқари ошхоналар, тўй-маърака ўтказувчилар қанча? Улардан буюртма тушганича йўқ. Туман ветеринария бўлими билан шартнома асосида ишлаяпмиз. Бу асосий фаолиятимизга таъсир қилмайди. Ҳамма гап аҳолида қоляпти.

Корхона йил охиригача сўйиш чопқиси ва қондан қуруқ албумин ишлаб чиқарувчи мослама билан жиҳозланиши ҳам айтилмоқда. Ҳозирча ҳаммаси оддий усулда, қўлда бажариляпти. Лаборатория тўлиқ жиҳозланмаган.

Хуллас, замонавий кушхона тайёр, дейишга бироз эрта. Аммо қилинган ишлардан кўз юммаслик керак. Тадбиркор катта лойиҳага қўл ургани сезилиб турибди. Қачонки, аҳоли ҳам буни тушуниб етса, ветеринария ходимлари олдидаги муҳим вазифа бажарилган бўларди.

Шерзод ИСОҚУЛОВ, "Жомбой тонги" мухбири.

  • 15-10-2018
  • | 23 |
  • № 38