www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Помидорни қиммат қилган агроном(ми?)

Яхши парвариш қилинган помидор кўчатидан тўрт марта ҳосил олиш мумкин. Аммо бу йил айрим касалликларга қарши курашиш осон кечмади. Бу бозордаги нарх-навога ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.

Март ойининг ҳар йилгидан қуруқ ва иссиқ келгани плёнка остида ўсаётган помидор кўчатларига таъсир қилди. Қалин ўсган жойлари плёнка остида қизиб, иссиқдан зарар кўрди. Касалликка чидамли модера, элигро навларини ҳам аксарият деҳқонлар фитафроз касаллигидан асраб қолишга қийналди. Камига кимёвий дориларнинг нархи ошиб кетди.

Хўжалигимизга қарашли бир гектар майдонга помидор эккандик. Дастлабки ойларда касалликка қарши "Энта хлорок" дорисини сепдик. Бироз наф берди. Аммо ҳосилга кириш вақтида окоратцит касаллиги авж олди. Унга қарши "Жеттар педа" ва "Алтокар" дориси пешма-пеш сепиб турилди. Бир марта дорилаш учун гектарига 400-500 минг сўм харажат қилдик. Ҳар теримдан сўнг маҳаллий ва минерал ўғит билан озиқлантириш давом этди.

Найман маҳалласига қарашли Ўрай қишлоғида булоқлар кўп. Азалдан сув тақчиллиги сезилмайди. Бироқ бу йилги ҳолат барчага маълум. Сув тармоғидан йироқда жойлашган майдонларни суғориш ортиқча куч ва меҳнат талаб қилди.

Ана шу захматлар эвазига гектаридан 70 тонна хирмон кўтардик. Даромадимиз 80 миллион сўмдан ошди. Бошида килограми 1800-3000 сўмдан сотилган помидорнинг нархи ҳозир бироз пастлади. Ҳозир ўртача 2000 сўмдан сотувга қўйилган.

Аммо кейинги йил қандай кечади, деган савол деҳқонни ўйлантириб турибди. Афсуски, кўпчилик фермерлар ўсимлик касаллиги, зараркунанда ҳашаротларга қарши курашиш бўйича етарлича билимга эга эмас.

Қайсидир фермернинг даласи зарар кўрса, тезкор ёрдам кўрсатадиган тизим фаолияти ҳам негадир амалда сезилмайди.

Ваҳоланки, ўсимликларга қайси вақтда касаллик хавф солишини агрономлар яхши билишади. Назаримизда, соҳада мурожаатлар билан ишлаш тизимини яхшилаш, жавобгарликни ошириш вақти келган. Деҳқон-фермерлар малакасини ошириш, улар билан семинар машғулотларини доимий ўтказиб бориш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Аюб БАҲОДИРОВ,

таҳририят қошидаги "Парвоз" тўгараги аъзоси.

  • 15-10-2018
  • | 34 |
  • № 38