www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ортга қайтмаган олтинлар ёхуд “қонуний” қароқчилик

Испания олтин хазиналари асрлар давомида қимматбаҳо металлар билан бойитилган. Мамлакат бу борада АҚШ, Франция, Буюк Британиядан сўнг тўртинчи ўринда эди.

Миллий банк сейфларида 1936 йилгача 636 тонна олтин, яъни 783 миллион АҚШ доллари (ўша даврдаги курс бўйича) миқдордаги хазина сақланган. Қоидага биноан олтинлар бир томонлама хазинани бойитарди. Бироқ, 1936 йилга келиб, бу анъанага зид равишда олтин хазиналар бошқа мамлакат – СССРга бериб юборилди. Ваҳоланки, Испания ҳудудида олтин ва кумуш конлари бошқа давлатларга қараганда кам эди.

Россиядан доимо олтин ва кумушларни олиб кетишган. Кутилмаганда, бунинг акси бўлди. Россия олтин хазиналари катта миқдорда соф олтин билан бойиди.

"Қизил истилочи" Лепандо

1936 йил октябрига келиб, фронтдаги аҳвол оғирлашди. Испания республикаси бош вазири Ларго Кабальберони мамлакат хазинасининг келгуси тақдири ташвишга соларди. Мадрид банкларида ўша даврда 559 тонна олтин сақланган. Испания коммунистларининг фикрича, фашист генерал Франкога бу хазина тегмаслиги зарур эди.

СССРдан борган ҳарбий денгиз флоти бош маслаҳатчиси Николай Кузнецов ўзига дон Лепандо тахаллусини олиб, олтин операциясида муваффақиятли қатнашди. У олтинни денгиз орқали олиб чиқиб кетишга масъул эди. Олтинларни қуруқлик орқали Москвага етказишда НКВДнинг машҳур генерали Александр Орлов бош-қош бўлди. 1936 йилда Москва А.Орловни Испания республикаси ҳукуматига маслаҳатчи лавозимига юборди. Мадридга тобора яқинлашиб келаётган фашист франкчиларидан қўрққан республикачилар олтин хазинасини яширишга аҳд қилишди.

Қимматбаҳо карвон

"Х" кунида олтинларни Картахен тоғидаги ғорларнинг бирига олиб келишди. А.Орлов ихтиёрига 60 нафар денгизчи берилди. Улар машиналарга қандай юк ортишаётганларини билишмаган. Шундай долзарб паллада франкчиларнинг қирувчи самолётлари оралаб қолди. Шошилинчда испанлар адашди. Кейинчалик А.Орлов бу ҳақда шундай эслаганди: "Биринчи кунда ҳисоб-китобимиз тўғри эди. Қутилардаги юклар ортиб бўлинганидан сўнг республикачилар вакили ўзидаги рақамларни биздаги рақамлар билан солиштирди. Менинг ҳисобимча, биз 7900 та қутиортган эдик. Вакилнинг ҳисоб-китобича 7800 та қути. Фарқ 2 та юк машинасидаги олтин ҳақида бормоқда. Ҳар бир қутида 50 килограмм олтин борлигини ҳисобга олсак, 5 тонна олтин зиёд ортилган.

– Республикачилар ҳукумати Бош вазири Негринга ҳисоб-китобдаги бу фарқни айтишга қўрқдим, – дейди А.Орлов. – Чунки ҳисоб-китобдаги улар айтган рақам тўғри бўлиб чиқса, мен 100 қути олтинни қаердан оламан? Шунинг учун унга ҳеч нарса демадим. Бироқ, бу ҳақда Москвани хабардор қилдим.

Ҳайрон қолдирган жойи шундаки, Орлов бу ҳақда ҳеч нарса ёзмади. Ҳақиқатан ҳам бу ҳақда Москвани огоҳлантирганми?  Хўп, хабар берди ҳам, дейлик. Испания томонга бу ҳақда хабар йўлландими?

Шундай қилиб "Комсомолец", "Ким", "Волголес", "Нива", "Кубань" каби 12 та кемада Одесса портига 7800 (аниқроғи, 7900) қути олтин қуймалари ва тангалари етказилди.

Испания республикачилар ҳукумати бу олтинларнинг бир қисмини СССРдан юборилган ҳарбийларнинг техника ва бошқа харажатларига йўналтирди. Дон Лепандо томонидан юборилган олтинларни юклаш, ортиш, жўнатиш, олиб келиш харажатлари, жами 88 минг 259 доллару 80 центни ҳам Испания республикачилари "олтин карвон" ҳисобидан тўлашди.

– Тўғрисини айтиш керак, совет денгиз қароқчилари адмирал Кузнецов бошчилигида мисли кўрилмаган ғалабани қўлга киритдилар, – деб ёзади Александр Смирнов "Тарих жумбоқлари" журналининг 2018 йил, 13-сонида.

Бу олтин хазинасининг тақдири нима бўлди, деган савол туғилиши табиий. Олтинлар СССРда доимий қолди. Испания давлати бир неча бор қайтариш талаби билан чиқди. Ҳатто дипломатик алоқаларни тўхтатди. 1977 йилга келиб, СССР ва Испания ўртасидаги дипломатик алоқалар қайта тикланди. Бироқ, олтинлар қайтмади.

Шокиржон ШЕРАЛИЕВ тайёрлади.

  • 27-10-2018
  • | 16 |
  • № 40