www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

“Ҳиммат” қимматга тушди

Сўнгги кунларда деҳқон хўжалигини тугатиш юзасидан газетага эълон берувчилар сони сезиларли даражада ошди. Эътиборимизни тортгани, аксарияти пенсионер бўлган бу мурожаатчиларда қандайдир норозилик кайфияти сезилди. Улардан бирини суҳбатга тортдик. Маълум бўлишича, муаммо биз ўйлагандан анча чигал экан.

– Яқинда туман солиқ инспекциясидан уйимга хат борди, – дейди Қобил Тўйчиев. – Унда ёзилишича, 2001 йил менинг номимга "Бобур" деҳқон хўжалиги очилган. Аммо йиллар давомида солиқ тўламай келганман. Айни вақтда икки миллион ўттиз беш минг сўмдан ортиқ солиқ қарздорлигим мавжуд экан. Тўғри, томорқа ерим бор ва узоқ йиллардан бери фойдаланиб келяпман. Аммо бунинг учун ер-мулк солиғини ҳам вақтида тўлайман. Номимдаги деҳқон хўжалиги эса 2002 йилдаёқ ёпилган. Бу ҳақда туман ҳокими қарори ҳам чиққан ва матбуотда эълон қилинганди. Шу пайтгача солиқ идораларидан бирор марта қарздорлик ҳақида огоҳлантирилмаганман. Орадан қарийб йигирма йил ўтгач, бунча қарздорлик қаёқдан пайдо бўлганини тушунмаяпман.

Қобил ота билан суҳбатлашаётганимизда худди шундай муаммога ечим излаб, боши қотган яна икки киши таҳририят эшигини қоқиб келди. Уларга ҳам қулоқ тутамиз.

– Менга бир эмас, иккита худди шу мазмундаги талабнома юборишибди, – дейди Нўш қишлоғида истиқомат қилувчи Исроил Шодиев. – Шу куниёқ туман солиқ инспекциясига мурожаат қилдим. Укам Азим Шодиев ҳамда менинг номимга 2003 йилда алоҳида-алоҳида деҳқон хўжалиги очилганини айтишмоқда. Қизиғи, на мен, на укам бундай фаолият билан шуғулланганмиз. Юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш учун ҳеч қачон, ҳеч қаерга мурожаат қилганимиз ҳам йўқ. Қандай қилиб ўзим бехабар ҳолда менинг номимга юридик шахс ташкил қилиниши мумкин?

Хуллас, мурожаатчиларда саволлар кўп. Масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилишимизни айтдик.

Эртасига Қанғли маҳалласидан келган уч фуқаронинг мурожаати ҳам шу ҳақда экан.

Айримлари деҳқон хўжалиги очган, кўп ўтмай фаолиятини тугатган. Томорқа ери учун жисмоний шахс сифатида ер-мулк солиғини тўлаб келган. Бошқаси эса номига хўжалик ташкил қилинганидан бехабар. Ажабланарлиси, бу деҳқон хўжаликларининг барчасига бир хил миқдорда – 2 миллион 35 минг сўмдан қарздорлик ҳисобланяпти. Ваҳоланки, бири йигирма йиллар аввал ташкил этилган бўлса, бири беш-олти йил муқаддам рўйхатга олинган. Қолаверса, бу деҳқон хўжаликларнинг ҳаммасида ер майдони бир хилми?

Яна бир жиҳат. Бу фуқароларнинг бирортаси бугунги кунгача юридик шахс сифатида солиқ тўловчи эканини билмаган. На солиқ идоралари, на статистика бўлими уларни "безовта қилган". Таъбир жоиз бўлса, бу “ҳиммат” бугун қимматга тушяпти.

Қизиқ, айни бир томорқа учун фуқаро икки бор солиққа тортилиши мумкинми?

Фуқароларга юборилган солиқ талабномасида юзага келган қарздорлик омили 2016-2018 йиллар учун пенсия жамғармасига суғурта бадали, деб кўрсатиляпти. Уларнинг аксарияти нафақага чиққанига ўн йилдан ошган-ку. Фуқаро пенсия ёшига етганидан кейин ҳам шундай солиққа тортилиши мумкинми?

Модомики, шундай хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинган экан, ўтган йиллар давомида нима учун бирор марта ҳам улар бу ҳақда огоҳлантирилмади? Ахир ҳар қандай юридик шахсдан даврий ҳисобот ва статистика маълумотлари талаб қилинади-ку.

Шу каби саволларга изоҳ сўраб, туман солиқ инспекциясига мурожаат қилдик.

– Айни бир ер майдони икки марта солиққа тортилмайди, – дейди туман солиқ инспекциясининг камерал назорат бўлими бошлиғи Суҳроб Абдуллаев. – Ҳисобланган қарздорлик томорқа учун эмас. Солиқ кодексининг 383-моддасига мувофиқ, деҳқон хўжалиги раҳбари ҳар бир йил учун энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт ярим баробари миқдорида суғурта бадали тўлаши керак. Бунда фуқаронинг давлат пенсиясига чиққан-чиқмагани аҳамиятсиз. Бир хил миқдорда солиқ қарздорлиги ҳисобланганига келсак, қоидага мувофиқ сўнгги уч йил солиққа тортиш даври сифатида олинди.

Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Шу тамойилга асосан, гарчи огоҳлантирилмаган бўлса-да, фуқаро солиқ тўловларини ўз вақтида тўлаб бориши керак.

Солиқ инспекцияси мутасаддиларининг изоҳи шундан иборат.

Аммо нима учун фуқаро ўз вақтида, йилма йил огоҳлантирилмаган? Бу савол барибир очиқ қолди. Агар фуқаро ўз вақтида бундан хабар топганида деҳқон хўжаликни ўша заҳоти ёпиб юбормасмиди?

Туман солиқ инспекциясида бизга маълум қилишларича, рўйхат ер геодезия ва давлат кадастри томонидан тақдим қилинган. Ўтган йиллар давомида бундай рўйхат инспекцияда мавжуд бўлмаган. Солиқ тўловчилар йиллар давомида огоҳлантирилмаганининг бир учи ҳам шу омилга бориб тақалади.

Яна бир масала. Кимнингдир номига деҳқон хўжалиги ташкил этилиб, бундан ўзи бехабар қолганини қандай изоҳлаш керак?

Бизга маълум бўлишича, туман миқёсида деҳқон хўжалиги можаросига тортилганлар 82 нафарни ташкил қилади. Айни вақтда улардан ўн нафари таҳририятга мурожаат қилган бўлса, аксарияти ўзининг номига деҳқон хўжалиги ташкил этилганини туман солиқ инспекциясидан талабнома олгач билган.

Ушбу саволга жавоб излаб, туман давлат хизматлари марказига мурожаат қилдик. Муассаса раҳбари Муҳиддин Намозовнинг айтишича, уларда бундай маълумотлар сақланмас экан. Сабаби, марказ ташкил этилганига эндигина бир йил бўлган. Ундан аввал юридик шахсни рўйхатга олиш туман ҳокимлиги ҳузуридаги бўлинма томонидан амалга оширилган. Ўша йиллардаги ҳужжатлар давлат хизматлари маркази архивида сақланмас эмиш.

Таажжуб. Бир фуқаро номидан, ўзига билдирмай юридик шахс ташкил этиш шунчаки гап эмас. Бу аввало, шахсий дахлсизликни бузиш саналади. Қолаверса, калаванинг учи ноқонуний фаолият, банк ва молиявий фирибгарлик, солиқ қонунчилигини бузиш каби жиноятларга бориб тақалмаяптими?

Айтиш мумкинки, мурожаатчилар емаган сомсага пул тўлашига тўғри келяпти. Уларнинг бир-биридан жумбоқли саволларига кимдир асосли жавоб бериши керак, назаримизда. Ваҳоланки, бу рўйхат солиқ идорасида шу пайтгача мавжуд бўлмаган экан, қаерда эди? Нега бу оғирлик, масъулиятсизлик юки оддий фуқаронинг елкасига тушиши керак?

Орифжон ОДИЛОВ, "Жомбой тонги" мухбири.

  • 09-11-2018
  • | 32 |
  • № 41