www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ишларимиз жаҳон стандартига тўғри келадими?

Жаҳон стандарти… бу жумлани камида 20 йилдан бери эшитамиз. Хўш, ушбу ибора моҳиятини қай даражада англаб етганмиз? Умуман, бу ҳақда мулоҳаза қилиб кўрганмизми?

"Жаҳон стандартларига мос келадиган қилиб қурдик", "Жаҳон стандарти даражасида таъмирладик" қабилидаги қолип гаплар рости, урфга айланди.

Кўчани асфальт қилишса, намунали уй, ҳатто молхона қуришса ҳам интервью олгани борган мухбир камерани ўнглаб, микрафонни тутса, шу жумла албатта қўлланилади. Аммо...

Жаҳон стандарти қандай бўлади? Ўша – ўз луқатида "жаҳон стандарти"дан фойдаланаётганлар бу ҳақда кераклича билимга эгами?

Жаҳонда ривожланиш уч табақага бўлинади:

– Ривожланган давлатлар.

– Ривожланаётган давлатлар.

– Ривожланиш даражаси паст давлатлар.

Ана шу уч табақанинг ўз стандартлари бор. Қашшоқ давлатлар қанча ҳаракат қилмасин, бир ишни ривожланган давлатлардагидай қилолмайди. Улар ўз ишларини иккинчи табақа – ривожланаётган мамлакатлардаги каби бажарса ҳам, дўпписини осмонга отаверсин.

Биз бугун ривожланаётган давлатлар рўйхатининг охирроқидамиз.

Аслида, кўпгина соҳалар бўйича ўзимиз тегишли бўлган "ривожланаётган давлатлар" даражасидан қуйидамиз. Аммо бизда тиббиёт ва саводхонлик аҳолининг барча қатламини қамраб олгани туфайли ривожланаётган давлатлар даражасига кирамиз. Шунингдек, даражаси ўзимиз билан бир бўлган кўпгина ривожланаётган мамлакатлар билан айрим соҳаларда етарлича рақобат қила олмаймиз. Бунинг сабаби, кўпгина ишларни пишиқ ва пухта қилиб бажармаслигимизда.

Шу ерда савол туқилади: Йўл қурган, таъмирлаган ёки намунали уй қурганлар қайси мезонга асосланиб, ўз ишларини "жаҳон стандартига мос келади" дейишади? Айтайлик, янгидан қилинган асфальт йўллари икки йилга етмай ўйилиб, унда чуқурлар пайдо бўла бошлашини инобатга олсак, ўша йўл ривожланган давлатлар стандарти у ёқда турсин, ҳатто ривожланаётган давлатлар талабига ҳам тўқри келмайди.

Ёки қурилаётган намунали уйларнинг бир-икки йилдаёқ бўёқлари кўчиб, деворларига ёриқ туша бошлашини инобатга олсак, бу борада ҳам юқоридаги каби хулосага келиш мумкин.

Шундай экан, "жаҳон стандарти" дейишга унчалик ҳам шошилмаганимиз маъқул. Ҳақиқатан ҳам жаҳон стандартига мос ишлайлик ёки бу атамани ўз ўрнида қўллашни ўрганайлик.

Fайрат ЙЎЛДОШ.

  • 12-03-2019
  • | 82 |
  • № 9