www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Муваффақият қозониш учун нима етишмайди?

Ҳар қандай соҳада муваффақият қозониш учун албатта, нимадир қилиш керак.  Мен кузатиб келаётган мамлакатимиз шароитида ўзингизга боғлиқ муаммоларни енгиб ўтиш учун озми-кўпми йўл очилди.

Аммо, шахсий, умумий муваффақият қозонишда ҳам фақатгина бунинг ўзи етарли эмас. Ўз олдингизга қўйган режа учун ишонч ва имкон бир жойда бўлиши керак. Боринг­ки, ишонч масаласини ҳал қилиб олдингиз, лекин имконият-чи? Биздаги энг катта муаммо, туғилган ишонч учун имконият эшикларининг саноқли эканлигидир. Муваффақият учун ишонч ва имконнинг бир жойда бўлиши, зафар нуқтасининг бошланиши, десак хато бўлмайди.

Айрим ўзбекистонликларнинг ўз ватанида эмас, нега айнан чет мамлакатларда кўпроқ имконият соҳибига айланиб, муваффақият қозонаётгани ҳам бунга мисол бўла олади.

Бу муаммони ҳал қилса бўладими? Ҳа, албатта бу масала ечимсиз эмас. Бунинг энг асосий кўриниши ДАВЛАТ ва унда яшаётган аҳоли манфаатларининг бир нуқтада бирлашишидир.

95 фоиз ватандошларимизда ёмон тажриба ва тушунча бор. Яъни, улар қайта-қайта нималаргадир уриниб, натижа ололмагач, ҳаракатдан тўхташган. Ишончсизлик шакл­ланган. (Дарвоқе, қолган 5 фоиз аҳоли элиталардир. Уларга ишонч ва имкон, ҳатто замону маконнинг ҳам унчалик аҳамияти йўқ. Улар ўз аравасини ўзи торта оладиган даражада иродага эга).

Оммавий муваффақият учун давлат ва миллатнинг манфаати бир жойдан чиқиши керак, дедик. Аммо, бу бироз узоқроқ бўлган йўл. Ягона йўл эса шахсий муваффақиятлар орқали давлатга ёрдам беришдир. Бу йўлдаги ягона формула шундай: Муваффақиятнинг саноғи йўқ йўлларига кириб чиқавериб, унинг манзилларини ўрганиб оламиз ва бу биз учун ҳам, давлат учун ҳам катта ишонч ва имконият эшикларини очиб беради. Албатта, бу йўлда иккала томон ҳам дангасалик ва лоқайдликка ружу қўймаса, натижа қисқа муддатда сезилади.

Давлат ҳам, унда яшаётган миллат ҳам ўз-ўзига ишонч ва назорат (демократия)ни кузатувдан чиқариб юборса, ТАҚДИР тушунчаси ўз ишини кўрсата бошлайди. Яъни, ТАҚДИР давлат ва аҳолини назорат қила бошлайди. Негаки, муваффақиятлар етишмаслиги ва ўн қадам олдинни кўра олмаслик, биз КEЛАЖАГИМИЗНИ КЎР ТАҚДИР қўлига топширдик, дегани. Аччиқ ҳақиқат шуки, биз ўз мамлакатимизда айни шу кунларни яшадик.

Fалаба учун мукофот муҳим! Инсонлар эҳтиёжини қондирмай туриб, улардан катта натижа кутиш қийин. (Шу абзацни бошлиқларга бемалол ўқиб беришингиз мумкин).

Масаланинг яна бир томони бор. Мамлакатимизда ҳам миллионларча кишилар муваффақият қозониб, машҳур ва бой бўлишни истайди. Аммо яхшилаб кузатсангиз, бунга яраша ҳаракат қилмаётганини кўришингиз мумкин. Биз ватандошларимизнинг узлуксиз муваффақиятсизлик ҳақида шикоят этгани ҳолда, бунга ўзи ҳаракат қилмаётганига ҳам гувоҳ бўламиз. Аммо юзига айта олмаслигимиз аниқ. Негаки, ўзимиз ҳам айнан шу тоифа ичидамиз.

Фазлиддин МАДИЕВ,

мотиватор.

  • 20-04-2019
  • | 151 |
  • № 14