www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Аҳолига 20,4 миллиард сўм кредит ажратилган

Оилавий тадбиркорликни йўлга қўймоқчимисиз?  Кредит маблағларини тез ва қулай фурсатда олишни истайсизми? Унда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш шўъбаси тақдим этаётган маблағлар ана шу режангизни рўёбга чиқаради.

Давлат бюджети, ҳомийлик маблағлари ва халқаро грантлар ҳисобидан молиялаштирилган бу тизим аҳолининг эҳтиёжманд қатламига кўмаклашади. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун уч йилдан кўп бўлмаган муддатга кредит беради. Йиллик фоиз ставкаси саккиз фоиздан ошмайди. Имтиёзли давр уч-олти ойдан кам эмас. Тадбиркор ана шу муддат ичида маҳсулотни етиштириб, даромад олишни бошлагач, кредит тўловини ойма-ой қайтариши мумкин.

Туманимизда "Ҳар бир оила тадбиркор" лойиҳасини амалга ошириш учун 20 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилган. Тадбиркорлик қилишни истовчи жисмоний шахслар, энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваригача кредит олиш ҳуқуқига эгадир.

Бунда ортиқча ҳужжатлар сўралмайди. Банкларда ойлаб сарсон бўлмайсиз. Фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, маҳалла ва сектор томонидан берилган тавсиянома кредит беришга асос бўлади.

Иссиқхона, бино, цех қуриш, чорва молларини келтириб берувчи буюртмачи ташкилот олдига ҳам маълум талаблар қўйилган. Лойиҳа эгаси ўша ташкилотнинг ишидан қаноат ҳосил қилгач, келишилган маблағ ҳисоб рақамига ўтказиб берилади. Яъни, буюртмачи ишни сифатли бажариб, аҳолини рози қилган тақдирда, айтилган маблағни олиш ҳуқуқига эга.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш шўъбаси шу йилнинг май ойидан иш бошлади. Туман молия бўлимида фаолият юритмоқда. Ажратилган лимит миқдори ҳозирча, чекланган. Шундай экан, ундан тезроқ ва унумли фойдаланган киши ют­қазмайди. 

Воҳиджон УСМОНОВ,

туман молия бўлимининг оилавий тадбиркорликни ривожлантириш шўъбаси мудири.

  • 24-05-2019
  • | 119 |
  • № 17