www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Чек олганга мукофот!

Туманимизда "Харид чекини талаб қилинг!" акцияси эълон қилинди. Унга кўра, ҳар сафар нақд пул орқали харид амалга оширилганда мижоз касса чекини талаб қилиб олиши ва сақлаб қўйиши керак. Энг кўп чек йиққан фуқаролар акция якунида туман ҳокимлиги томонидан мукофотланади.

Ушбу тадбир бежиз ўтказилаётгани йўқ. Аслида, мамлакат иқтисодиётининг нормал ишлаши, банк­ларнинг тўлов қобилияти, нақд пул айланма тизимининг қониқарли фаолият юритиши айнан шу тизимга боғлиқ. Афсуски, сотувчидан ҳар доим ҳам чек талаб қилмаймиз. Бу биринчидан, иқтисодиётни издан чиқаради. Ноқонуний вальюта айланиши мазмунидаги жиноятларга сабаб бўлади. Қолаверса, иш ҳақи, пенсия, стипендия каби даромадларимизнинг ҳам кечикишига олиб келади.

Масаланинг яна бир томони. Харид амалга оширишингиз ёки иш-хизматлардан фойдаланишингиз билан сиз истеъмолчига айланасиз. Албатта, бунда қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларга эгасиз. Аммо ана шу ҳуқуқ бузилса, буни аввал исботлаш керак.

Оддий мисол. Дўкондан нимадир сотиб олдингиз. Кўп ўтмай ўша молнинг сифатсиз экани маълум бўлди. Қўлингизда харид чеки мавжуд. Демак, сизнинг ҳуқуқларингизни истеъмолчи сифатида бемалол ҳимоя қилиш имкони бор. Агар ўшанда нақд пул учун чек олмаганингизда сотувчи ҳолатни тан олмаслиги, сизга бундай буюм сотганини инкор этиши ҳам мумкин эди.

Харид чекида сотиб олинган товар ёки иш-хизмат номи, шунингдек, ҳажми ҳақида ҳам аниқ маълумот акс этиши керак. Туман ҳокимлиги акциясида иштирок этишда масаланинг шу томонига ҳам эътиборли бўлинг.

Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти матбуот

ва ахборот бўлими.

  • 20-06-2019
  • | 58 |
  • № 20