www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Молияга таклиф беринг

Маҳаллий бюджет маблағлари аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади. Ундан мақсадли фойдаланиш орқали юрт ривожига ҳисса қўшиш мумкин. Эндиликда ана шу жараёнда жамоатчилик фикри ҳам инобатга олиняпти.

Президент қарорига мувофиқ, 2018 йилдан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан камида 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштириш учун сарфланмоқда.

Айтайлик, шу йилнинг июль ҳолатига туман маҳаллий бюджетининг  қўшимча манбалар миқдори 658 400 000  сўмни ташкил этди.

Демак, унинг 10 фоизи, яъни 65 840 000 сўми сиз таклиф бераётган тадбир ёки лойиҳа учун йўналтирилган. Буни амалга ошириш учун молия вазирлигининг сайтига кириб, таклиф қолдириш лозим.

Яъни, www.openbudget.uz сайтининг "Қайта алоқа" менюсига кириб, "Ташаббусли бюджет" бандини танлайсиз. Керакли вилоят, шаҳар ва туман номи, маблағ миқдори жадвалда кўрсатилган. Бу ерда фуқаролардан келган ҳар бир таклиф жамлаб борилмоқда.

Сиздан олдин қолдирилган тадбирларнинг бирига овоз беришингиз ҳам мумкин. Бунинг учун таклиф ёнидаги "Класс" тугмаси босилади.

Энг кўп овоз олган тадбир жамоатчилик фикри сифатида қабул қилинади. Туман маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ана шу лойиҳани амалга ошириш учун йўналтирилади.

Овоз ва таклиф бериш давомийлиги чекланган. 2019 йилнинг 13 июлидан 10 августига қадар давом этади. Ундан кейин келиб тушган таклиф ва истаклар ҳисобга олинмайди.

"Ташаббусли бюджет" лойиҳасида туманимиз аҳлини ҳам фаол иштирок этишга чақирамиз. Мамлакат ривожини сиз бераётган ташаббус ва ғоялар белгилайди. Бунда ҳар кимнинг ўз ўрни бор.

Насимжон МУҲСИНОВ,

туман молия бўлими мутахассиси.

  • 20-07-2019
  • | 25 |
  • № 23