www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Тилларда алёрсан, мадҳиям!

. Ҳар тонг унинг жўшқин садолари остида янги кунни қаршилаймиз. Бугун жаҳон ареналарида спортчиларимиз кўксини фахр-ифтихорга тўлдириб, Ўзбекистон мадҳияси янграмоқда.

Серқуёш ўлка. Шу икки жумла қаътида саховатли замин, офтобдан нур олиб, болга тўлган боғлар жамоли кўз-кўз этилаётгандек. Давлатимиз озодлиги рамзи ҳисобланган    мад­ҳиямиз саксон тўртта ана шундай сўздан иборат.

Олтин бу водийлар жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр...

Бу мисралар тўлишган бошоқларнинг шовуллаб турган сасларидек дилга яқин. Буюк аждодларимиз руҳи ёд этилган сатрлар ўтмишдан хабар бериб, тарихи минг йилларга туташ халқнинг "Алпомиш", "Гўрўғли" достонлари сингари абадиятга бўйлаётгандек туюлади.

Бутун дунё эътироф этган беш тамойил келажаги буюк юртнинг истиқбол манзили бўлди. Кейинги мисралар ана шу туйғуларни мавжлантиради, яратувчанлик, бунёдкорлик йўлидан дадил одимлаётган халқимиз шижоати, матонатидан сўзлайди.

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр.

Мадҳиямиз икки ярим дақиқа ижро этилади, байроғимиз ҳилпирайди, қалбларда ғурур, жўшқинлик уйғонади. Абдулла Орипов сўзи, Мутал Бурхонов мусиқаси асосида ижро этилувчи Давлат мадҳияси миллатимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, мақсад-муддаоларини тараннум этади. Унда абадиятга дахлдор халқнинг ўлмас руҳи, маънавияти мужассам.

Ш.ИСОҚУЛОВ.

  • 13-12-2016
  • | 242 |
  • № 34