www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Инсофли тадбиркор

Китоб – бебаҳо хазина. У кишига аввало, содиқ дўст, сирдош бўла олади. Умрнинг қайсидир муюлишида муаммоларингга ечим тополмай турганингда жўяли маслаҳат беради. Мутолаа билан ошно бўлган кишининг ҳаётда қийналмаслиги ҳам шундан.

Яқинда китоб дўконига кирдим. Бир талай янги ва яхши асарлар келибди. Эътибор берсангиз, китоб дўконининг ўзгача файзи, салобати бўлади. Бунда ажиб дилбарлик, зиё тафти ҳукмронлик қилади. Бадиий асарлар бўлими оралаб, сотиб олиш учун янги нашрларни саралашга киришдим. Муҳаммад Юсуфнинг "Шоир севгиси", Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар", Миркарим Осимнинг "Жай­ҳун узра булутлар" каби бир қатор адабиётимиз дурдоналари қайта нашр­дан чиқибди. Қувонарлиси, айни шу жавон атрофида ёшлар тизилиб навбатда туришарди. Қизиқ, бу асарлар яратилганига неча ўн йиллар бўлди. Қайта нашрларнинг сони ҳам ўндан ошгандир. Шундай бўлса-да, ҳануз халқимиз севиб ўқийди. Бу китоблар дўконларда туриб қолмайди.

Шундай хаёл оғушида дўкон оралаб юриб, бир воқеага гувоҳ бўлдим.

– Қизим, сенга бу китобни тавсия қилмайман. Яхшиси, мана бу томондан танлай қол.

Пештоқига "Янги асарлар" деб ёзиб қўйилган жавон олдида турган қизга сотувчи амаки сўз қотди. Қизнинг қўлида савияси унчалик яхши бўлмаган, "бозор адабиёти" намунаси турарди. Бироздан сўнг сотувчини суҳбатга тортдим.

– Барча харидорларга шундай маслаҳат бериб турасизми?

– Бу асарларнинг кўпини ўқиб кўрганман, – деди амаки жиддий. – Тўғри, бозор иқтисодиётининг талаби шундай. Олайлик, мен тадбиркорман ва келтирган китобларим сотилишидан манфаатдорман. Лекин гоҳида асар мақомига нолойиқ китобларни билиб-билмай харид қилишларига жим қараб туролмайман. Мана, қаранг (у асосан, "саёз асар"лар ўрин олган жавонга ишора қилди), бу ерда камида эллик номда китоб бор. Аммо бирортасини рисоладагидек, адабий мезонларга жавоб бера олади, деб айтолмайман. Айниқса, ёшларга ғоявий пишиқ, маънавий жиҳатдан юксак асарларни тавсия қилгим келади. Кимдир тушунади, кимдир эса йўқ.

Сотувчи амакининг сўзларидан очиғи, унга ҳурматим ошди. Мен учун бирорта китоб тавсия қилишини илтимос қилдим.

– Бу асарда табиатнинг буюк яратиғи – она сиймоси тасвирланган, – деди жавондан бир китобни қўлига олиб. – "Дунёнинг ишлари" – Ўткир Ҳошимовнинг етук асарларидан бири. Ўқиб чиқишингизни албатта, тавсия қиламан.

Ўша куни ўзим танлаган китобларга қўшиб, "Дунёнинг ишлари"ни ҳам харид қилдим.

Муниса АШИРМАТОВА.

  • 29-11-2017
  • | 264 |
  • № 44