www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Туҳматдан тийилинг!

Инсонга бошқа мавжудотларда бўлмаган сўзлаш ва тафаккур қилиш қобилияти инъом этилган. Бу албатта, улуғ неъмат. Шунинг учун ҳам динимиз тилни фақат яхшилик йўлида ишлатиш, ёмон сўзлардан сақланиш, эзгу нарсалар ҳақида фикр юритишни буюради. Зеро, сўзлаш ва тафаккур қилишда эҳтиёт бўлишимиз, ҳар бир сўзимиз фойда ёки зараримизга ҳужжат бўлишини унутмаслигимиз лозим.

Қоф сурасининг 18-оятида шундай дейилади: "У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир".

Ушбу ояти каримадан англашилаётганидек, тилга олган ёки фикр юритган барча нарсамиз ёзиб борилади. Охират кунида олдимизга ҳужжат қилиб қўйилади. Улар учун барчамиз ҳисоб берамиз.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу ҳақида шундай марҳамат қилганлар:

"Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин".

Эътибор берилса, исломда қораланган гуноҳларнинг аксарияти тил воситасида содир этилади. Fийбат, туҳмат, бўҳтон... Уларни бир сўз билан маънавий жиноятлар, деб аташ мумкин.

Жамиятда ғийбат, бўҳтон, ёлғончилик каби иллатларнинг авж олиши ўзаро ишончсизлик, ҳатто адоват ва нафратни юзага келтириши мумкин. Шу ўринда таъкидлаш керакки, тўғрилигига аниқ ишонмай туриб миш-миш тарқатиш ҳам бўҳтон саналади. Ҳазрат Навоий бобомиз "Тилга ихтиёрсиз –  элга эътиборсиз", дея бежиз айтмаганлар.

Бир инсонга салом бериб, ортидан ғийбат ёки бўҳтон қилиш, мусулмончиликдан эмас, балки мунофиқлик саналади. Ўз навбатида бундай гуноҳнинг жазоси ҳам ўзига муносиб бўлади. Дунё ва охиратда хасрату надомат келтирадиган бу каби иллатлардан сақланиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Фурқат НАЗАРОВ,

Шайх Худойдоди Вали жоме масжиди имом-хатиби.

  • 16-01-2018
  • | 226 |
  • № 2