www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ўз давридан ўзган ҳукмдор

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида нишонланди. Тарих илмида "темуршунослик" соҳаси алоҳида ўрин тутиши сир эмас. Бунда айниқса, "Темур тузуклари" асарини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

"Темур тузуклари" мазмунига кўра, ўрта аср Шарқ давлатчилигининг ўзига хос конституцияси бўлиб хизмат қилган. Асарда Соҳибқирон давлатни бошқаришда кенгашга суяниб иш тутганини таъкидлайди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, "Тузукларда" "кенгаш" сўзи икки хил маънода қўлланилган. Яъни, мустақил фикрлаб қарор қабул қилиш ҳамда бошқалар билан маслаҳатлашиш.

Хусусан, "Тузуклар"да Соҳиб­қирон "ҳушёрлигу мулоҳазакорлик, эҳтиёткорлик асосида ўзинг билан кенгаш", деб таъкидлайди. Дарҳақиқат, ўз ички туйғулари ва ақлига таяниб қабул қилинган қарор энг тўғри йўл экани Соҳибқирон бобомиз фаолиятининг дастлабки даврларидаёқ ўзини оқлаган эди. Ўша кезларда чингизийларнинг сўнгги авлодидан бўлган Туғлуқ Темурхон Мовароуннаҳр бошқаруви масаласида уч саркарда – Амир Темур, Амир Ҳожа Барлос ҳамда Амир Боязид Жалойирни ҳузурига чорлайди. Бундан саросимага тушган икки амир Соҳибқирон ҳузурига келиб, маслаҳат сўрайди. Амир Темур чингизийларга қарши юриш бошлаш ва юртни озод этиш фикрида бўлади. Аммо Ҳожа Барлос ва Боязид Жалойир бу фикрни тўғри эканига шубҳа билдириб, Хуросонга кетадилар. Амир Темур эса пирлари қўллаб-қувватлаши остида Туғлуқ Темурхон билан юзма-юз келади. Ушбу қарори сабаб зафар қучган ва бутун Мовароуннаҳр ҳукмдорига айланган Соҳибқирон кейинги фаолиятида ҳам ақлу фаросат ҳамда жасорат билан қабул қилинган қатъий қарор энг мақбул йўл эканига шубҳа қилмади.

"Темур тузуклари"ни ҳарбий стратегик қўлланма сифатида баҳолаш ҳам мумкин. Асарда қўшин турлари, саф шакллари, ҳарбий тактика, саркардалик сир-асрорлари ҳақида батафсил маълумот берилган. Фикрлар аниқ чизмалар билан ойдинлаштирилган.

Амир Темур ҳақида гап кетганда, адолат ва қаттиққўллик ёнма-ён тилга олинади. Ҳақиқатан ҳам Соҳибқирон интизомни хуш кўрувчи одил ва халқпарвар ҳукмдор эди. Эътиборлиси, "Темур тузуклари"даги айрим жумлалар беихтиёр кейинги йилларда жамиятимизда юз бераётган ислоҳотлар, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган давлат сиёсатини ёдга солади.

"Тузуклар"да қайд этилган қуйидаги фикрларга эътибор қилинг: "...ҳосил пишиб етилмасдан бурун раиятдан молу ҳирож олинмасин. Ҳосил етилишга қараб, солиқ учга бўлиб олинсин. Агар раият солиқни ўзи келтириб берса, у ҳолда ўша ерга солиқ тўпловчи юборилмасин... (Қонун асосида иш юритаётган тадбиркор ва фермерлар фаолиятига асоссиз аралашувнинг тақиқланиши) ...Кимки бирор саҳрони обод қилса ёки кориз (ер ости ариғи) қазиса, ё бирор боғ кўкартирса, ёхуд бирор ҳароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нарса олинмасин, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини, учинчи йилдан қоидага мувофиқ солиқ олинсин... (Янги иш бошлаган тадбиркор ва ишбилармонларнинг солиқ юкидан имтиёзли озод этилиши) ...Обод қилишга қурби етмай қолса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берилсин, токи ўз ерини обод қилиб олсин... (Тадбиркорлар учун имтиёзли кредит ва лизинг берилиши)".

Бир сўз билан айтганда, Амир Темурнинг саркарда ва ҳукмдорлик сири аввало, халқпарварликда эди. Унинг адолат ва қаттиққўллик оралиғида яратган давлатчилик анъанаси нафақат ўзбек, Марказий Осиё ва Европа халқлари тараққиёти учун ҳам улкан таъсир кўрсатди.

Ўлмас ОЧИЛОВ.

  • 20-04-2018
  • | 167 |
  • № 14