www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мўмин ёлғон сўзламас

Инсонга хос иллатлар ичида энг хатарлиси ёлғончиликдир. Чунки одамларни алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш барча қабоҳатларнинг боши саналади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло "Fофир" сурасининг 28-оятида "Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас", деб марҳамат қилади.

Ёлғон гувоҳлик бериш ёлғончиликнинг энг ёмон кўриниши. Ушбу гуноҳ кишиларнинг жабру жафо тортиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига, адолатнинг поймол қилинишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ёлғон гувоҳлик бериш ширк келтириш каби оғир гуноҳлар қаторида тилга олинган.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам "Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?", деб уч марта сўрадилар. Биз: "Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули", дедик. Шунда у зот: "Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш", деб, ўтириб олдилар. "Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ ҳам", деб қўшиб қўйдилар.

Ислом ростгўйликни тарғиб қилувчи, мудом ҳақиқат ва адолатни ёқловчи диндир. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг энг буюк сифатларидан бири ҳам "Ал-амин" (энг ишончли киши) эди.

Ислом шариатида сиддиқлик мақоми кўп тилга олинади. Бу Аллоҳ ҳузурида фақат рост сўзловчи киши сифатида қад ростлашни англатади. Сиддиқлик шундай мақомки, унга чин ростгўйлик билангина етиш мумкин. Ҳадисларда ривоят қилишларича, ростгўй кишининг номаи аъмолига ҳам бу унвон ёзиб қўйилади. Ёлғончиларга эса "каззоб", деб изоҳ ёзилади.

Замоннинг тезлашиши билан ёлғончиликнинг ҳам турфа шакллари пайдо бўлди. Айниқса, ёлғон ахборот тарқалиши хатарли тус олди. Ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, бўҳтон ва уйдирмаларни тўқиб чиқариш ҳолатлари оммалашди. Айрим соддадил кишилар бунга ишониб, гуноҳга шерик бўлиб қолишмоқда. Ачинарлиси, бунинг оқибатида инсон шаъни топталмоқда. Бундай ишлардан, шубҳали ахборотлардан чекиниш зарур. Зеро, ҳадисда аниқ баён этилганидек: "Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир".

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ҳазил-мутойиба баҳонасида ҳақиқатга зид гаплар билан кишиларни кулдириш ҳам ёлғоннинг айни ўзидир. Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган киши ҳолига вой", дедилар. Демак, ушбу ҳадисдан маълум бўладики, ҳазил-мутойиба ўринларида ҳам ёлғон гапириш гуноҳ, унга рухсат йўқ.

Толиб ЁШУЗОҚОВ,

Авлиё Қорахон бобо жоме масжиди имом-хатиби.

  • 11-07-2018
  • | 152 |
  • № 25