www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Маълумот бор, фаросат йўқ

Иссиқ кунларда оиламиз билан ариқ ёқаси, соя-салқин жойлардан паноҳ топамиз. Яқинда кечки овқатни ҳовлимиздаги ариқ ёқасига тайёрламоқчи бўлдим. Қарасам, ариқдан елим халта, шприц, турли дори идишлари оқиб келяпти. Кўнглим хира бўлди. Фикримдан қайтдим.

Уч-тўрт кун ўтиб бу кимнинг иши экани ҳам ойдинлашди. Ўша ариқ қишлоғимиз юқорисидан пастга томон бир ҳовлилар оралаб, бир кўча бўйлаб оқиб ўтади. Иш билан дўконга бораётгандим. Узоқдан аёл кишининг қораси кўринди. Танидим, туман марказида ҳамшира бўлиб ишлайдиган келинчак. Қишлоқда биров оғриб қолса, уйида ҳам тиббий хизмат кўрсатади. У тўғри бориб ариққа нимадир ташлади. Сўнг изига қайтди. Эътибор берсам, ариқдан ўша кунгидек тиббий чиқиндилар оқиб кел­япти...

Эътибор қилинг, бу ишни тиббиёт ходими қиляпти. Аслида, оқар сув ифлосланиши қандай оқибатларга олиб келишини ҳаммадан ҳам кўпроқ у билиши керак. Ўзининг ҳам икки фарзанди бор. Қуйироқда, ариқнинг кенгайиб борган ерида бутун қишлоқ болалари қатори ўзининг ҳам фарзанди чўмилаётган бўлиши мумкин-ку.

Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал, деймиз. Аслида олдини олишгина эмас, манбалари, юқиш йўлларини йўқ қилишимиз керак. Касалликлар юзага келиши учун шароит яратмаслигимиз лозим. Буни тушуниб етиш учун тиббий маълумот ҳам шарт эмас. Озгина инсоф ва фаросат бўлса, кифоя.

Насиба АБДУЛЛАЕВА.

  • 24-07-2018
  • | 68 |
  • № 26