www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Муҳаббат Шамаева: Ўзбек қалби тарк этмади...

Илёс Маллаев, Изро Малаков, Тамара Катаева, Муҳаббат Шамаева... Бу номлар халқимиз юрагидан чуқур жой олгани ҳақиқат. "Ёр-ёр" фильмини ҳар сафар ҳаёжон билан томоша қилишимиз ҳам бежиз эмас. Ўша машҳур "Кўчалар" қўшиғини тинглаб, завқланмаган ўзбек юртимизда топилмайди.

Яқинда Шаҳрисабз шаҳрида умумжаҳон мақом фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Шу кунларда дунёнинг турли чеккаларидан мусиқа ва санъат намоёндалари, мумтоз куй ихлосмандлари юртимизга оқиб келяпти. Америка Қўшма Штатларида ижод қилаётган ватандошимиз, санъат афсонаси Муҳаббат Шамаева ҳам ушбу нуфузли тадбирга ташриф буюрди. Фурсатдан фойдаланиб, устоз санъаткорни суҳбатга тортдик.

– Байрамни, хурсандчиликни қадрлайдиган халқмиз, – дейди М.Шамаева. – Мустақиллик байрами арафасида юртимиздан таклиф олиб, бошим кўкка етди. Куни кеча Самарқанд вилоятининг байрамолди тадбирларида иштирок этдик. Бу ёғи халқаро фестиваль. Қолаверса, устоз санъаткор Изро Малаковнинг юбилейини ўтказиш ҳам режалаштириляпти. Улуғ шоир Fафур Fулом айтганидай, шундай қутлуғ кунларда қаторда бизнинг ҳам борлигимиз катта шараф.

Ўзга юртда ижод қилиш, айниқса, санъат аҳлини замин фарзандига айлантириб қўяркан. Ўзбекистон, деганда аввало, кўз олдимга Фарғона водийси узумлари, Мирзачўл қовунлари, Самарқанд нонлари келади. Бу неъматларни етти иқлимни кезиб ҳам тополмайсиз. Шарқона маданият, санъат, одоб-ахлоқни айтинг.

Америкага борганимизнинг дастлабки йилларидаёқ, Илёс ака Маллаев бошчилигида "Мақом" ансамблини тузишга киришдик. Аслида, халқларни санъат боғлаб туради. Шу сабабданми, тез орада у ёқларда ҳам мухлислар орттирдик. Ҳозир ўзбек мусиқа санъатини олис ғарбда ҳам яхши танишади. Ватандошлар ҳар йили Наврўз, Мустақиллик байрамлари арафасида Вашингтонда тўпланамиз. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси шафеълигида катта байрам ўтказилади. Балки шунинг учун ўзбекона руҳ, ўзбекона қалб бизни бир дақиқа ҳам тарк этмади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил май ойида АҚШга  қилган ташрифи, бир гуруҳ ватандошлар билан учрашуви, энг асосийси, устоз санъаткор Изро Малаковни халқ артисти унвони билан тақдирлаши бутун дунёга Ўзбекистон чиндан ҳам инсон қадри баланд тутилган диёр эканини кўрсатди. 

Ўзбекистон сўнгги вақтларда дунёга юз тутяпти. Кўптомонлама манфаатли шартномалар, ҳам иқтисодий, ҳам маданий алоқалар ўрнатиляпти. Яқинда "Америка овози" журналисти Навбаҳор Имомова Ўзбекистонда аккредациясидан ўтди. Эндиликда, юртимиздан минглаб чақирим олисда туриб ҳам Ватанимизда юз бераётган эзгу ишлардан хабардор бўлиб турамиз. Қолаверса, Америкада истиқомат қилувчи Марказий Осиёликлар учун тожик тилида "Даври замон", ўзбек тилида "Замон-тайм" газеталари чоп этиляпти. Демоқчиманки, қачонлардир эртакдай туюлган икки дунё бир қадам ибораси ҳақиқатга айланмоқда.

Санъатга кириб келганимда йигирма ёшга ҳам қадам қўймаган эдим. Демак, ўша вақтлардаги авлод бугун бобо-бувига айланишган. Ўзимни ҳамиша бахтли инсон ҳисоблайман. Уч авлодга хизмат қилиш бир санъаткор учун катта бахт.

"Жомбой тонги" мухбири

Орифжон ОДИЛОВ ёзиб олди.

  • 03-09-2018
  • | 65 |
  • № 32