www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Шайтоннинг икки қуроли...

Яқинда Fарб давлатларида спиртли ичимликларнинг инсоният тамаддунига улкан зарба бериши расман тан олинди. Ҳатто айрим жамиятлар ундан бутунлай воз кечиш зарурлигини кун тартибига қўйишди. Чунки алкоголь аҳоли ўсиши, соғлом турмуш тарзи, жамият тараққиёти, илм-фан ва маданиятга ҳалокатли таъсир кўрсатаётгани илмий жиҳатдан аниқланди. Қарангки, ислом дини бу ҳақида ўн тўрт аср аввал огоҳлантирган эди.

Дарҳақиқат, ичкиликбозлик инсон қалбини қорайтирадиган, уни ақлдан бегона қиладиган иллатдир. Бу дард ўз вақтида даволанмаса, асорати оғир оқибатларга олиб бориши аниқ. Аллоҳ таоло "Моида" сурасининг 90-91-оятларида шундай деган:  "Эй, имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?"

Мазкур оятда май – маст қилувчи ичимлик қимор, бут-санамларга ибодат қилиш ва фолбинлик каби жирканч қилмишларга тенглаштирилмоқда. Айни вақтда буларда шайтоннинг қўли борлиги уқтирилмоқда.

Араб тилида маст қилувчи ичимлик "хамр" деб аталади. "Хамр" луғатда беркитмоқ, тўсмоқ маъноларини билдиради. Чунки, у ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, фикр йўлини беркитади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: "Ҳар бир маст қилувчи нарса майдир ва ҳар бир май ҳаромдир".

Ушбу ҳадиси шариф маст қилувчи воситаларнинг ҳар қандай тури ҳаромлигини англатади. Агар бирор мўмин киши маст қилувчи нарсаларнинг ҳаромлигига иймон келтириб, аммо ўзини тия билмаса, ожизлик қилса, у катта гуноҳ содир этган бўлади ва охират куни қаттиқ азоб-уқубатга дучор бўлади.

Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги шу қадар юксакки, У бандаларига зарари бўлган ҳар қандай нарсани ҳаром қилган. Тиббиёт ривожлангани сари майнинг саломатликка ўта зарарли экани маълум бўлмоқда. Ҳозирга қадар маст қилувчи ичимликлар мия ҳужайраларига зиён етказиб, унинг иш фаолиятини сусайтириши, ошқозон ичак, жигар касалликларини келтириб чиқариши аниқланган. Халқаро "Ланцет" ("The Lancet") тиббиёт журналининг ёзишича, ҳар йили дунёда алкоголь туфайли 2,8 миллион киши вафот этар экан. Эркаклар ўлимининг 7 фоизи, аёллар ўлимининг 2 фоизи айнан спирт­ли ичимликлар истеъмоли билан боғлиқ бўлиб, 15-49 ёшлиларнинг ўлимига асосий сабаб спиртли ичимликлар ҳисобланар экан.

Демак, исломда ичкиликбозликнинг қаттиқ қораланиши замирида катта ҳикмат мужассам.

Анвар АҲМЕДОВ,

Иброҳим ота жоме масжиди имом-хатиби.

  • 24-09-2018
  • | 40 |
  • № 35