www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Сўнгги сўзни эркак айтсин

Оила мустаҳкамлигини сақлаш, ажримларнинг олдини олиш, низоларга чек қўйиш... Бу атамалар сўнгги вақтларда кўп қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Албатта, бу жамиятимизда оила институтининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишидан далолат. Аммо бир нарса кишини ўйга толдиради. Ажримлардан ҳануз қутула олмаяпмиз. Бунга сабаб бўлаётган омилларнинг арзимас маиший муаммоларга бориб тақалиши эса янада ачинарли.

Яқинда "Оила" илмий-амалий маркази ташкил этилди. Эндиликда жамиятнинг энг кичик бўғинида содир бўладиган ҳар қандай жараён илмий таҳлилдан ўтказилади. Ажримлар, ишсизлик, жиноят ва ҳуқуқбузарликка мойиллик, ўз жонига қасд қилиш – оила асосларига хавф соладиган барча омилларнинг юзага келиш сабаблари ўрганилади. Туман хотин-қизлар қўмитаси ва маҳаллалар билан ҳамкорликда аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Оилада эркакларнинг роли жуда муҳим. Афсуски, айрим хонадонларда ана шу мувозанатга путур етгани ҳам ойдинлашяпти. Жанжаллар ҳам, келишмовчиликлар ҳам, маънисиз орзу-ҳаваслар ҳам аёллар сабаб юзага келяпти. Қаерда ажрим хавфи туғилса, моҳият қайнона-келин (баъзан овсин, қайинсингил) муносабатларига бориб тақалади. Бу нима дегани? Фикримизча, айрим оилаларда эркакнинг ўрни етишмаяпти. Бунда эркакларнинг ҳам маълум маънода айби бор. Нега оиланинг энг муҳим қарорлари аёл иродаси билан ҳал бўлиши керак? Нега сўнгги сўзни эркаклар айтмаяпти?

Шу ўринда бир таклиф. Хотин-қизлар қўмитаси каби ўзига хос эркаклар тузилмаси яратиш эҳтиёжи пайдо бўлмаяптими? Айтайлик, маҳаллаларда эл-юрт ҳурматини қозонган, кекса ва нуронийлардан иборат кенгаш тузилса. Улар вақти-вақти билан йиғилиш ўтказиб, ёш йигитлар, янги уйланган куёвлар, қайноталар учун маслаҳат ва ўгитларини бериб боришса, мақсадга мувофиқ бўларди. Қачонлардир маҳалла гузари ёки оталар чойхонасида эркаклар тўпланиб, бир кафт ош устида суҳбатлар қилган. Шунда ҳам ҳикмат борга ўхшайди.

Зарифа ЮСУПОВА,

"Оила" илмий-амалий маркази туман бўлими раҳбари.

  • 26-09-2018
  • | 62 |
  • № 35