www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Биздан қачон нобелчи чиқади?

Нобель мукофоти ҳақида эшитмаган одам дунёда кам. Бу нуфузли мукофот машҳур физик, диномид ихтирочиси Альфред Бернхард номи билан боғлиқ эканини эса ҳамма ҳам билавермайди.

Олим узоқ йиллик фаолияти давомида юзлаб ихтиролар қилади. Улар орасида оддий мис тизимчадан тортиб, мураккаб портловчи қурилмаларгача бор эди. Нобель ўзининг айрим ихтиролари инсониятга қарши қўлланиши мумкинлигини ўйлаб, ташвиш чекарди.

Умри охирлаб қолган олим 1895 йилда васиятнома ёзади. Унга кўра, ўзидан кейин қолган барча маблағлари илмга йўналтирилади. Махсус жам­ғарма шакллантирилиб, унинг манбасидан физика, кимё, тиббиёт, адабиёт соҳасида улкан муваффақиятга эришган инсонлар рағбатлантирилиши керак. Шунингдек, бешинчи йўналиш сифатида сиёсат танланади. Бошқача айтганда, заминда тинчликни сақлашга қаратилган фаолият учун ҳам мукофот назарда тутилган.

1901 йилда мукофотнинг илк совриндорлари аниқланди.

1968 йилга келиб, Швеция ҳукумати "Рискбанк"нинг уч юз йиллиги муносабати билан иқтисодиёт бўйича номинация жорий қилди. Шу тариқа, 5 йўналиш швед қироллиги академияси тинчлик номинацияси эса Норвегия (Осло) қўмитаси томонидан аниқланадиган бўлди.

Мукофот фонд маблағига қараб ўзгариб туради. 2016 йилги совриндорлар 1,1 миллион доллар олган. Шу кунга қадар 877 киши (улардан 49 нафари аёл) ҳамда 23 та халқаро ташкилот ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлган. Афсуски, улар орасида нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё минтақасидан вакил йўқ. Фақатгина қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг номзоди икки бор мукофотга тақдим этилган, холос.

Юртимизда фан ва таълимга эътибор йил сайин ортиб боряпти. Яқин йилларда фарзандларимиз ичидан Нобель мукофоти совриндорлари етишиб чиқсин, деб умид қиламиз.

Яхшилик ЭШМУРОД ўғли.

  • 19-03-2019
  • | 63 |
  • № 10