www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ҳамшира – сингил дегани

Озода опа ўрта мактабда ўқиб юрган пайт­ларидаёқ ҳамшира сифатида беморлар дардига малҳам бўлишни орзу қиларди. Ниҳоят, орзуси ушалди. Самарқанд тиббиёт институти қошидаги ўрта-махсус билим юртига ўқишга кирди.

Мустақилликнинг илк йиллари. Сўнгги бос­қич талабаси эди. Тиришқоқлиги, беморларни даволашга меҳр билан ёндашиши устозлар назаридан четда қолмади. Амалиёт учун Самарқанд тиббиёт институтининг 2-клиникаси, чақалоқлар бўлимига юборишди. Ўқишни тугатгач, меҳнат фаолиятини ҳам шу даргоҳда бошлади.

Назарий илм бошқа, ҳаётий тажриба бошқа экан. Озода опа буни илк кунлардаёқ англаб етган. Шу сабаб билимини оширишда давом этди. Билмаганини сўрашдан уялмади. Аста-секин кўникма ва малакаси ошиб борди. Оддий мутахассисликдан олий ҳамшираликкача бўлган машаққатли йўлни босиб ўтди.

Клиникада умрининг ўн етти йили ўтди. Бу орада қанчадан-қанча вақтидан аввал туқилган чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолди. Уни айнан шу йўналишнинг билимдони сифатида тан олишди. Кечалари мижжа қоқмай, норасидаларнинг яшаб кетиши учун курашгани унга шундай даража берганди.

Одатда, операциядан кейинги масъулият, ўрта қатлам – ҳамширалар зиммасига тушади. Оқир аҳволдаги беморга шифокор ёзган муолажаларни мунтазам равишда амалга ошириш, аста-секин ҳаётга қайтаришда уларнинг ўрни беқиёс.

– Бизнинг кичик хатойимиз инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин, – дейди Озода Абдуллаева. – Шунинг учун ҳам ҳамширанинг хато қилишга ҳақи йўқ. Одатда, янги ходимларга тажрибали ҳамширалар мураббий сифатида бириктирилади. Бир вақтлар менга ҳам устозлик қилишган. Энди эса ёшлар бизни устоз, дейишяпти. Демак, касб танлашда адашмаган эканман. Ҳамшира сўзи сингил, дегани. Яъни, ҳамшира беморга сингилдек меҳр кўрсатиши зарур. Шунда хасталик тез чекинади.

Озода Абдуллаева 2005 йилда туман тиббиёт бирлашмасига ишга ўтди. Мана, 14 йилдирки, қабул бўлимида фаолият кўрсатиб кел­япти.

Опа билан суҳбатимиз давомида у кишининг камтарлиги, ишига жонкуярлиги эътиборимизни тортди. Бемор келса, биздан узр сўраб чиқиб кетади. Бошқа ҳамширалар ҳам кўп, лекин ҳар бир мурожаат қилувчининг ҳаётига ўзини шахсан жавобгар ҳисоблайди. Бу ҳам Озода Абдуллаеванинг ўз ишига нақадар масъулиятли эканини кўрсатиб турибди.

Толиб ЖЎРАЕВ.
  • 20-03-2019
  • | 16 |
  • № 9