www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

“Калит сўз” ота-онанинг қўлида

Бўлғуси келин-куёвларни оилавий ҳаётга тайёрлаш учун махсус китоблар чоп этилаётгани кишини қувонтиради. Уларни инкор этмаган ҳолда айтиш мумкин. Оила илмида ота-онадан ўтувчи устоз, маслаҳатгўй топилмайди.

Халқ таъбири билан айтганда, қуш уясида кўрганини қилади. Ўғил отадан, қиз онадан андоза олиб, камол топади. Азалдан насиҳатга ўч халқ­миз. Ёзувчи Саид Аҳмад айтганидек, саксонни қоралаб қўйган чоллар ҳам тўйга чиқса, "Насиҳатли қўшиқларинг­дан айт, болам", деб қўшиқчига қулоқ тутади. Гўё, шу ёшда ҳам насиҳатга муҳтождай.

Аммо кейинги пайтларда ажрим ёқасига келиб қолган оила, эр-хотин, қайнона-келин ўртасида юзага келаётган келишмовчиликлар тез-тез қулоққа чалиняпти. Барибир инсоннинг дунёқараши, фикр­лаш доираси кўп нарсани ҳал қилади. Бу низолар ўша дунёқарашнинг бироз торлиги, ўтмаслашгани бўлса, ажаб эмас.

Ахир "эрни пайғамбардай эъзозланг", "қайнона – онанг­дай улуғ", "рўзғорнинг асосий таъминоти эркакнинг зиммасида", деган ўгитлар қон-қонимизга сингиб кетган. Оиланинг масъулиятини ҳис этиш учун бундан ортиқ "калит сўзни" тополмайсиз.

Ота-онамиз қайсидир маънода зиммасидаги қарзни узди. Изидан бориб, кам бўлмадик. Бу занжирнинг ке­йинги халқаси энди қўлимизда. Ўғил-қизим тинч яшасин, бахтли ҳаёт кечирсин, деган ота-она бефарқ бўлмайди. Замонавийлик, тараққиётга томошабин бўлиб турмайди. Маънавий тараққиётнинг эгаси қарзни елкасига олган авлод эканлигини англайди. Биз ўшаларга амал қилиб, катта довондан ошиб ўтдик. Ҳаётий сабоқ, билимларимиз янада кенгайди. Фурсат борида уларни кейинги авлодга улашайлик. Токи қадриятлар завол топмасин.

Ирода ҚОБИЛОВА,

Тошкент маҳаласи.

  • 13-04-2019
  • | 88 |
  • № 10