www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Никоҳланувчиларга ОИТС таҳдид соляпти

Одам иммунитет вирусининг қутқуси инсониятга тобора кўпроқ таҳдид соляпти. Ноқонуний меҳнат миграцияси, никоҳ олди тиббий кўригидан ўтмай, турмуш қуриш каби омиллар унинг юртимизда ҳам илдиз отишига сабаб бўлаётгани аччиқ ҳақиқат.

Бундай мудҳиш хасталиклар ҳақида гап кетганда, кўпчилик бу мавзу менга тааллуқли эмас, деб ҳисоблайди. Аслида ОИТСдан ҳеч ким тўлақонли ҳимояланмаган.

Амалиётда ахлоқли, тарбияли кишиларнинг ҳам ушбу инфекция билан касаллангани қайд этилган. Текширилганда нотўғри тиббий муолажа ёки маиший хизматлардан фойдаланиш чоғида юқтириб олгани ойдинлашган.

Яна бир ачинарли томони, ОИВга чалинганлар сони тобора ортиб боряпти. Биз буни тан олишимиз, унга қарши оммавий курашмоғимиз керак. Акс ҳолда оқибати бунданда оғир бўлиши мумкин.

Туманимизда бугун 100 нафар ОИТСга чалинган шахс рўйхатга олинган. Шундан 65 фоизи эркаклар, 35 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келяпти. 14 нафари вояга етмаган, ўн саккиз ёшгача бўлган болалар эканини ҳисобга олсак, вазият биз ўйлагандан оғирроқ. Бу рақамлар атиги 3-4 йил аввал анча паст бўлган.

Афсуски, никоҳланувчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиш қоидаларига ҳар доим ҳам амал қилинмаяпти. Биргина мисол. Жорий йил бошидан бери турмуш қурган 566 жуфтликдан 22 таси тиббий кўрикдан кеч ўтган. Содда қилиб айтганда, уларнинг тўйи норасмий никоҳ асосида ўтказилган. Бу омил ҳам ОИТС хавфининг ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Шу каби масалаларни атрофлича муҳокама қилиш, олдини олиш мақсадида корхона ва ташкилот мутасаддилари, диний идора, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. "Жомбой шароитида ОИТС хатари ва унга қарши курашишнинг самарали усуллари" мавзуида олий тоифали шифокор Майсара Жумаева маъруза қилди. Туман ҳокимлиги ва диний идора мутасаддиларининг ахбороти эшитилди. Кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгиланиб, масъуллар бириктирилди.

Тадбирда вилоят ОИТСга қарши кураш маркази директори Паҳлавон Саъдинов иштирок этди.

Ўз мухбиримиз.

  • 20-06-2019
  • | 28 |
  • № 20