www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Вилоятда вазият барқарор, туманда аксинча...

Орттирилган иммунитет танқислиги синдроми ёки оддийгина ОИТС. Бир қарашда минглаб хасталикларнинг шунчаки бири бўлиб туюладиган ушбу синдром бугун ҳар бир инсон фарзандининг тақдирига хавф солиб турибди. Унинг даҳшати шундаки, ёш, жинс, миллат танламайди. Ҳудудга хос характери ҳам мавжуд эмас. Унга миллий хавфсизлик масаласи сифатида қаралаётгани шундан.

Қизамиқ, қизилча, бўғма каби касалликлардан ҳоли, деб топилган юртимизда афсуски, ОИТСга чалинган фуқаролар кўп. Вилоятимиз бу борада эпидемик вазият барқарор ҳудудлардан ҳисобланади. Шундай бўлса-да, Жомбой туманида вазият бирмунча мураккаб. Ўрганилганда ОИВга чалиниш хавфи юқори бўлган қатлам ўртасида профилактик назорат ва текшириш ишлари қониқарли ташкил этилмагани ойдинлашди.

Бугун вирус билан зарарланган 103 нафар жомбойлик фуқаро рўйхатда туради. Улардан 89 нафари диспансер назоратига олинган. Фоҳишалик, қўшмачилик билан боғлиқ ҳолда назоратга тушган шахслар етарлича текширилмаяпти. Бу борада ваколатли муассасалар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик йўқ. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида туманимизда 1022 нафар никоҳ қайд этилган бўлса, шундан 6 фоизи тўйдан кейин тиббий кўрикдан ўтгани ҳақиқий ҳолатни англатиб турибди. Туман тиббиёт бирлашмасида жарроҳлик амалиётларини ўтказиш учун кўп марталик тиббий жиҳозларнинг етишмаслиги масаланинг оғриқли томони. Ваҳоланки, ОИВнинг юқиш йўлларидан бири айнан тиббий хизматларнинг кўнгилдагидек ташкил этилмаганидан келиб чиқади.

Юзага келган вазият юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши зарур. Туман ҳокимлиги мажлислар залида айни масала муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот, диний идора вакиллари ва фаоллар иштирокида ўтган тадбирда  лоқайдликка йўл қўйган соҳа мутасаддилари қатъий огоҳлантирилди. Зудлик билан амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланди.

Майсара ЖУМАЕВА.

  • 20-07-2019
  • | 101 |
  • № 23