www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

40-мактаб – энг яхши китобхонлар даргоҳи

40-умумтаълим мактабида "Энг яхши китобхон" кўрик-танловининг туман босқичи ўтказилди.

Китобсевар ёшлар сафини кенгайтириш орқали уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат, инсонпарварлик фазилатларини тарбиялаш мақсадида ташкил этилган танловда 40-, 46-, 51-, 56-умумтаълим мактабларининг ўқувчилари бешта шарт бўйича беллашдилар.

Биринчи шартда ўқувчилар ўзлари ўқиган китоблар рўйхати, номи ва муаллифлари келтирилган варақаларни ҳакамлар ҳайъатига топширдилар. Жамоа аъзоларининг асарларни қай даражада эътибор билан ўқиганлиги савол-жавоблар орқали аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, жамоалар қайд этган асарларнинг аксарияти мактаб дарсликларидан ўрин олган. Айрим ўқувчилар ана шу парчаларни ўқиш билан чекланишган. 46-умумтаълим мактабининг "Адабиёт ошнолари" жамоаси иштирокчилари берган жавобларга кўра, уларнинг шахсий кутубхоналаридаги мавжуд китоблар сони беш-олтитадан ошмайди. Кўринадики, ҳамма оилаларда ҳам китобга муносабат қониқарли эмас. Шу ўринда ўқувчиларни китоб мутолаасига ўргатиб бориш адабиёт ўқитувчилари олдида турган энг муҳим вазифа ҳисобланади. Ҳакамлар ҳайъати мазкур жиҳатларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтишди.

Баҳру-байт шартини бошлаб берган жамоа қуръа ташлаш йўли билан аниқланди. Уч сония ичида шеър, ғазал, рубоий, қитъанинг охирги ҳарфидан давом эттира олмаган иштирокчилар иккинчи шартни тарк этишди. 51-умумтаълим мактабининг "Камолот" ва 40-умумтаълим мактабининг "Ёш китобсеварлар" жамоаси иштирокчилари Моҳиситора Мамаражабова ҳамда Мадина Баҳриддинованинг элликдан ортиқ шеърий асарларни ёддан ифодали ўқигани таҳсинга лойиқ.

Бадиий асар сюжети, баъзи қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатлари, руҳияти, конфликт, пейзажнинг ёзувчи услубига хос тасвири китобхон хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади. Навбатдаги шартда асарлардан олинган ана шундай парчалар ўқилди. Жамоалар унинг қайси асарга тегишли экани, китоб ва муаллиф тўғрисида маълумот бердилар.

Эркин мавзу шартида бадиий асарлардан саҳна кўринишлари намойиш этилди. "Камолот" жамоаси иштирокчилари Абдулла Қаҳҳорнинг "Бемор" ҳикоясидан лавҳа қўйишди. Ҳикоя тили ниҳоятда содда ва таъсирчан. Сўз қўллашдаги зукколик адибнинг мазкур асари учун ҳам бегона эмас. Воқеаларнинг шу тахлит баён этилиши китобхонни асар руҳиятига янада яқинлаштиради. Натижада қаҳрамон ҳаётидаги талотумлар ўқувчини мушоҳадага ундайди. Саҳнада ҳаёт чироғи сўниб бораётган аёл, саҳарларда онаси дардига шифо сўраб, нола қилаётган қизчанинг ҳолати тасвирларини ўқувчилар маҳорат билан ижро этишди. Шунингдек, қолган жамоаларнинг "Тўмарис", "Ўткан кунлар", "Дунёнинг ишлари" асарлари асосида саҳналаштирилган чиқишлари ҳам йиғилганларда илиқ таассурот қолдирди.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримовнинг асарлари ва маърузалари асосида олган эзгу ғоя ва билимларини бешинчи шартда синовдан ўтказишди.

– Ушбу танлов "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ташаббуси билан илк маротаба кенг кўламда ташкил этилмоқда, – дейди "Камолот" ЁИҲ вилоят кенгаши масъул ходими Fафур Бобобеков. – Ёшларни китобга ошно қилиш, мутолаа маданиятини юксалтиришда бу каби танловлар, тарғибот тадбирларининг ўрни беқиёс. Мутахассислар ҳамкорлигида бошланган хайрли ишни янада кенгайтириш ва республика миқёсида оммалаштиришни мақсад қилганмиз.

Танловда 40-умумтаълим мактабининг "Ёш китобсеварлар" жамоаси биринчи ўринни эгаллашди. Жамоалар ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва "Камолот" кутубхонаси" рукни остида чоп этилаётган энг сара китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

Fолиб жамоа танловнинг вилоят босқичида иштирок этади.

Шерзод ИСОҚУЛОВ.

  • 03-01-2017
  • | 238 |
  • № 36