www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Мактаб ярмаркаси

Шу йилнинг 10 августидан бошлаб туманимиз марказидаги Мустақиллик майдони ва Галакапа кўчасида мактаб ярмаркаси ташкил этилган. Бу ерда 26 турдаги  ўқув қуроллари, мактаб формаси ва спорт кийимлари арзон нархларда сотувга қўйилган. Аҳоли мактаб учун зарур бўлган барча турдаги маҳсулотларни нақд пул ва пластик карточа орқали харид қилмоқда.

– Фарзандларимга керакли барча мактаб қуролларини харид қилдим,– дейди Мавжуда Исломова. – Ушбу ярмарканинг ота-оналар учун енгиллик, қулайлик томонлари кўп. Исталган мактаб буюмини шу ернинг ўзидан топиш қийин эмас. Қолаверса, нархлар савдо дўконларига нисбатан бирмунча арзон. Пластик карточка орқали савдо қилиш ҳам мумкин. 

Диққатга молик яна бир жиҳат, ўқув анжомларининг деярли барчаси ўзимизда ишлаб чиқарилган. Дафтар муқоваларида буюк аллома, ижодкор, олимларимизнинг сурати, фаолиятига оид қисқача маълумотлар акс этган. Бу фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир этади. Яратиб берилган мана шундай шароитдан мамнунмиз.

Туманимиздаги 3 та умумтаълим мактабида ҳам ярмарка фаолияти худди шу тартибда ташкил этилиши керак эди. Бироқ бу борадаги ишларни ҳозирча талаб даражасида баҳолаб бўлмайди. Сотувчи ва ота-оналар учун зарур шароитлар яратилмаган. Тарғибот-ташвиқот ишлари кўнгилдагидек олиб борилмаяпти. Хўш, буни қандай амалга ошириш керак эди?

Бизнингча, ярмарка кунлари мавжуд тўртта ҳудудда ҳам аҳоли билан саёҳат-таништирув тадбирларини уюштириш яхши самара беради. Бундай тадбирларни маҳалла ва таълим муассасалари кесимида амалга ошириш лозим. Эътибор берадиган бўлсак, аксарият ярмаркалар фаолияти худди шу тартибда йўлга қўйилади (Масалан, меҳнат ярмаркаларини олинг).

Туманнинг ўзида идора ашёлари сотадиган хусусий тадбиркорлар бор. Аксарияти ҳафтанинг маълум кунлари деҳқон бозорларида савдо қилишади. Демак, уларни жалб этиш, қизиқтириш орқали муаммони бартараф этиш мумкин. Муҳими, ҳар бирининг имконияти ҳисобга олиниб, аҳоли гавжум бўладиган ярмарка ҳудудларидан жой ажратиш, хавфсизлиги ва бошқа шароитлари таъминланган бўлиши зарур эди. Ҳозирча учта мактабда ҳам  бундай қулайлик йўқ.   

Мактаб ярмаркалари савдосини ташкил этаётган мутасадди ташкилот ва муассасалар масаланинг ана шу томонларини ҳисоб олишса, бундан аввало, халқимиз манфаат кўради. Баркамол авлод таълим-тарбияси йўлида қилинаётган бу каби эзгу ишлар келгусида ўзининг ижобий самарасини бериши ҳам шунга боғлиқ.

Мактаб ярмаркалари 10 сентябрга қадар давом этади. 

Шерзод ИСОҚУЛОВ.

  • 31-08-2017
  • | 340 |
  • № 31