www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

3 350 нафар бола 1-синфга борди

Бугун туманимиздаги умумтаълим мактабларига 3 350 нафар бола 1-синфга борди. Мактаб остонасига илк бор қадам қўйган ўқувчиларга 12 турдаги мактаб ўқув қуролларидан иборат Президент совғаси топширилди.  Янги ўқув йилининг биринчи соати "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!"  деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган мустақиллик дарслари билан бошланди.

–  Мустақиллик ва хотира дарслари фан, таълим ва маданият ходимлари, зиёлилар, нуфузли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ташкил этилаётганида ўзига хос маъно бор, – дейди туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мутахассиси Шавкат Турдиев. – Дарс мобайнида Мустақилликнинг йигирма олти йиллик тарихига бевосита гувоҳ бўлган кишилар билан эришилган ютуқларимиз хусусида қизиқарли суҳбатлар уюштирилади. Шундан сўнг Биринчи Президентимиз хотираси ёдга олинади.

Ўта мураккаб ва таҳликали шароитда Мустақиллик учун курашган, мамлакат тинчлиги, осойишталиги йўлида матонат ва фидойилик кўрсатган Ислом Каримовнинг ибратли ҳаёт йўли кўргазмали воситалар, видео, слайдлар ёрдамида очиб берилади.

Бундай дарслар умумтаълим мактабларининг 1-10-синфларида босқичма-бос­қич ўтилмоқда. Уларда 26 минг 275 нафар ўқувчи иштирок этиши кутиляпти.

– 18-умумтаълим мактабида яратилган бугунги шароитлар ҳақида кўп бор эшитгандим, – дейди  Шоира Гулмуродова. – Уларни ўз кўзим билан кўришни жуда хоҳлардим. Бугун  биринчи синфга бораётган икки набирам – Далержон ва Зулфизарни ўзим етаклаб келдим. Президент совғаси олаётганида кўзимга ёш келди. Ҳар бир ўғил-қизимиз Президентимиз эътиборида экан. Синфхоналардаги шароитларни айтмайсизми? Менимча, бугун мактабга ҳар битта нуроний, ота-она келиши шарт. Улар ўз кўзи билан кўришсин. Бунақа имконият бизнинг давримизда йўқ эди. Набираларимизга насиб этганидан қувониш керак. Ота-оналар, биз кексалар фарзандларимизга бугунги дориламон кунларни шу мисоллар орқали тушунтирайлик.

Мустақиллик ва хотира дарслари шу йилнинг 6 сентябрга қадар давом этади. Ҳафта давомида ўқувчилар учун турли соҳа вакиллари билан "Тарихга назар", "Мус­тақиллик одимлари", "Таълим ва тарбия барча ютуқларимизнинг асосидир!" мавзуларида учрашув ва давра суҳбатларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 05-09-2017
  • | 241 |
  • № 32