www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Муассасани қандай иситмоқчисиз?

Яқинда "Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" Президент  қарори қабул қилинди. Ушбу қарор талаблари жойларда қай даражада ижро этиляпти? Умуман, мавсумга тайёргарлик ишлари қай аҳволда? Шу каби саволларга ойдинлик киритиш мақсадида туманимиздаги таълим муассасаларида бўлдик.

30-МТМда мавсумга тайёргарлик кўриш ишлари давом этмоқда. Асосий хоналарга қаттиқ ёқилғига мослаштирилган печлар ўрнатилиб, ҳовлида кўмир сақлаш учун усти ёпиқ айвонча қурилган.

– Ҳали муассасамизга мавсум учун кўмир ажратилгани йўқ, – дейди МТМ мудири Ирода Пирназарова. – Ҳозирча чора-тадбирлар режаси ишлаб чиққанмиз. Шу асосда хоналарга печлар ўрнатиш, эшик-деразалар, тешик-тирқишларни елим қоплама билан ёпиш чораларини кўряпмиз.

Шу ўринда бир мулоҳазани келтириб ўтиш жоиз. Муассаса биноси ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган бўлиб, ўша вақтларда дала шийпони вазифасини ўтаган. Кейинчалик, МТМ учун қайта мослаштирилган, айни пайтда капитал таъмирга муҳтож. Мудирнинг сўзларига қараганда, ҳар йил 2-3 мартадан жорий таъмирлашга тўғри келади. Бу эса таълим сифатига путур етказиши табиий. Мазкур боғча биносини капитал таъмирлаш масаласини кун тартибига қўйиш вақти келган кўринади.

2-МТМда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилган. Мавсумга тайёргарлик бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Жорий йилда том қисми, эшик-деразалар капитал таъмирдан чиқарилди.  Икки қаватли бино тўлиқ газлаштирилган бўлиб, яқин кунларда эски иситиш қозонларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан энергиятежамкор қозонларга алмаштириш режалаштириляпти.

36-умумтаълим мактаби Олмазор қишлоғида жойлашган. Очиғини айтганда, 292 нафар ўқувчи таҳсил оладиган муассаса мавсумга деярли тайёр эмас. Синф хоналарида шу пайтгача ўрнатилиши зарур бўлган печлар мактаб хўжалик мудирининг уйида сақланмоқда.

– Яқинда ажратилиши кутилаётган кўмир захирасини сақлашга ҳам шароитимиз йўқ, бино етишмайди, – дейди мактаб директори Ашраф Хидиров. – Ўтган мавсумда мактаб ҳовлисидан ҳандақ қазиб, кўмир сақлашга мажбур бўлганмиз. Ертешар қишлоғида жойлашган мактаб филиали ҳовлисида қурилишбоп терак дарахтлари бор. Бир вақтлар қишлоқ аҳолиси томонидан экилган экан. Ўша дарахтлардан фойдаланиб, кўмирхона ва омборхона қуришни режалаштиргандик. Аммо қишлоқ аҳли қарши чиқди. Бу масалада мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилдик. Ҳануз натижа бўлмаяпти.

Аслини олганда, мактаб биноси аллақачон таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Хўжалик ишлари мудири Илҳом Юсуповнинг айтишича, қорли-қировли кунларда иш янада қийинлашади. 15 тонна кўмирни баҳор ойларига қадар қўлбола ҳандақларда сақлаш ва фойдаланиш албатта, катта қийинчилик келтириб чиқаради.

Биз фаолиятини ўрганган таълим муассасаларининг аксариятига ҳанузгача кўмир етказиб берилмаганининг гувоҳи бўлдик. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида туман ХТМФМТТЭ бўлими муҳандиси Алишер Файзиевга мурожаат қилдик.

– 2017-2018 йил куз-қиш мавсуми учун таълим муассасаларига 483 тонна кўмир ва брикет маҳсулотлари етказиб берилиши кўзда тутилган, – дейди А.Файзиев. – Айни вақтда 276 тонна кўмир ва 69 тонна брикет тарқатилди. Шу кунларда яна 138 тонна кўмир келтирилиши кутилмоқда. Тез орада улар ҳам таълим муассасаларига етказилади.

Бир кун бўлса ҳам олдин ҳаракат қилган ютади. Шундай экан, совуқ кунларни кутиб ўтирмасдан, ишга киришганлар афсус қилмайди.

Орифжон ОДИЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 17-10-2017
  • | 362 |
  • № 38