www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Ўқувчи ҳақиқий беллашувга тайёр(ми?)

Шу йилнинг январь ойида ўтказилган фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви кўп нарсага ойдинлик киритди. Умумтаълим мактабларида ўтилаётган дарс­лар сифати, ўқитувчилар малакасию, ўқувчилар билимини бир қадар баҳолаш имконини берди.

Бу йилги саралаш босқичида илк бор 4-синф ўқувчилари иштирок этишди. Бешта фандан  имтиҳон топширган ўқувчилар сони унчалик кўп эмас. Асосийси, янгилик ижобий натижа билан бошланди.

Тан олиш керак, биз неча йиллардан буён фақат юқори синф ўқувчиларини бу баҳслар марказида кўришга одатлангандик. Мусобақада фақат 5-10 синф ўқувчилари қатнашарди. Бошланғич синф ўқувчилари эса четда қолиб кетарди. Бу йилдан эса ҳаммаси ўзгарди. Саралаш босқичидан ўтган 4-синф ўқувчилари ҳозир туман босқичига қизғин ҳозирлик кўришмоқда.

Якуний натижаларга кўра, ушбу беллашувнинг иккинчи босқичига жами 7968 нафар ўқувчи йўл олади. Шунингдек, 9-10 синфларда ҳам фан олимпиадасининг туман босқичи якунланди. 49 нафар ўқувчининг вилоят босқичида иштирок этиши кутилмоқда.

Савол туғилиши табиий. Хўш, улар қайси фанлар бўйича иштирок этади? Рўйхатда фақат она тили ва адабиёт, рус тили, математика, биология фанларидан чиққан ўқувчилар номини кўриш мумкин. Қарийб уч-тўрт йилдан буён аҳвол шу. Фан олимпиадаларининг туман босқичи ғолиблари асосан, ушбу фанлар кесимида бўлиб келаётир. Негадир информатика, кимё, чизмачилик сингари фанлардан ғолиблар чиқмаяпти.

Бу биринчи навбатда ўқитувчи малакаси, дарс сифатига боғлиқ жараён экани шуб­ҳасиз. Мисол учун, ўқувчи сони кам бўлган аксарият мактабларда кимё фани бўйича махсус хоналар етишмайди. Ўқув қуроллари, зарур жиҳозлар билан таъминлаш, уларни сақлаш масаласида талай муаммолар мавжуд. Компьютер ва бошқа ахборот технологиялари имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаслиги ҳам бор гап. Бу ўз навбатида ўқитиш сифатига салбий таъсир ўтказмасдан қолмаяпти.

Ёки яна бир оғриқли жиҳат. Хўш, қачондан бери фан олимпиадаси дейилса, битта ўқувчи устида ишлаш, уни ғолибликка тайёрлашни тушунадиган бўлдик? Ахир мақсад барча ўқувчилар орасидан билимли, салоҳиятли ўқувчини юзага чиқариш эмасми? Эҳтимол, бу гапларни айтишга бироз кечдек туюлар. Чунки саралаш якунига етди, ҳисоб. Бироқ унутмайликки, беллашув, ҳақиқий баҳс ҳали олдинда. Қандай якун топиши ҳозирча қоронғу. Лекин, натижа кўп нарсани – қайси ўқитувчига қандай баҳо бериш, қай тартибда ишлаш кераклигини кўрсатиб қўяди.

Бурхон ОСТОНОВ.

  • 15-02-2018
  • | 288 |
  • № 6