www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

СИНЧАЛАК

"Паст ўзлаштирувчи синфларда янги методларни қўллашнинг афзалликлари" эмиш… Сарлавҳани қаранг", – энсасини қотирди она тили адабиёт ўқитувчиси.

"Маърифат" газетасини эринибгина варақлар экан, мазкур мақола унинг диққатини тортди. "Нақ ярим саҳифая, қайси эринмаган ўқитувчи ёзган экан буни?", деган ўй унинг кўзларини мақола остидаги исм-шариф томон етаклади. "Зарнигор РАЖАБОВА, 22-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси". Ўқитувчининг кўзларидаги ғазаб газетани ёндириб юборай деди.

Ўша куни мактабда ушбу мақоланинг муҳокамаси бошланди. Муаллиф ҳамкасбига ҳавас билан қарайдиганлар уни роса мақташди. Мактаб ҳаётидан мисоллар келтириб тумандаги ўрнини оширгани учун қувонишди. Зимдан олақараш қилиб юрадиганларнинг эса ҳасад қозони қайнай бошлади. Мақоланинг ҳар бир қаторидан хато топишга, нотўғри талқин қилишга урина кетишди. Айниқса, унинг бир ўринда икки синфни таққослагани учун синф раҳбарлари ўртасида низо чиқармоқчи, деб ваҳима кўтаришди. Ваҳоланки, мақолада яхши ўзлаштирувчи ва паст ўзлаштирувчи икки синфда бир хил методнинг қай тарзда қўлланилиши ҳақида гап борарди. Адабиёт ўқитувчисининг синфи паст ўзлаштирувчи сифатида тилга олингани эса оловга мой сепган каби бўлди. Унинг қора тутуни директоргача етиб келди... Ёш ўқитувчининг ҳар бир хатти-ҳаракатига кўзгунинг тескари томонини тутадиганлар мактаб раҳбарини ҳам ўз томонларига оғдириб олишга киришдилар.

8:30 да қўнғироқ чалинди. 3-А синфда ўқувчиларни кутиб турган Зарнигор дарсни бошлашдан олдин ўқувчиларга бир назар ташлаб чиқди. Биринчи партада ўтирадиган бола синфда йўқ. "Ўзи дарслардан анча орқада, етиб олиши учун қанча уринсам ҳам самарасиз кетяпти. Яна дарсга келмаганини қаранг, ота-онаси билан учрашмасам бўлмайди", деган хаёлга борди. Шу пайт эшик очилиб, биринчи партада ўтирадиган бола онаси билан эшикдан қаради.

– Why are you so late, Abdurakhmon? – нега кечикканини сўради ўқувчига юзланиб.

Она-бола сўзсиз туришарди.

– Аввал яхшилаб ўргатинг, кейин инглизча гапирасиз, – қизишиб турганини сездириб қўйди аёл.

– Abdurakhmon, come in, – дея қўли билан киришга имо қилди ўқитувчи, – Сиз эса менда гапингиз бўлса, дарс тугагунича кутиб туришингиз мумкин, – деди ўқувчининг онасига.

– Менинг бекорчи вақтим бор эканми? Кечагина ўқишни битириб, дарров ўқитувчи бўлиб қолдингми, сен? – боласидан олдин синф хонага отилиб кирди аёл.

– Гапингизга тушунмадим, лекин бироз кутиб тур...

– Сен ким бўпсанки, мен сени кутаман? Қилар ишни қилиб қўйиб, менга ақл ўргатасанми?

– Болаларнинг олдида яхши эмас, илтимос чиқиб тур...

– Ҳеч қаерга чиқмайман, қўйган баҳойингни ўзгартирмагунингча, жойимдан жилмайман.

– Бориб синф раҳбарингизни чақириб келинг, – деди Зарнигор синф сардорига.

Аммо бунга ҳожат қолмади. Синф-даги шовқинни эшитган ўқитувчининг ўзи ҳовлиққанча кириб келди. Ўқувчисининг онаси билан қуюқ саломлашди. Муаммодан анча олдин хабар топиб, ўзи ҳал қилиб беришга сўз берган ўқитувчи уни тинчлантиришга уринди.

– Табелига туширмайман, демаганмидингиз? Кеча имзолатгани олиб борса, қатор "беш"лар орасида инглиз тилидан "уч" турганини кўрдим, – таъна қилди аёл.

– Инглиз тилидан баҳони мен қўйганман, уни ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, – деди Зарнигор кескин оҳангда.

– Директорнинг ҳаққи бор, билдингми! Ҳозироқ сенга ўр-нингни кўрсатиб қўяман, – дея аёл эшикка юзланди.

– Бу нима қилганингиз, Зарнигорхон! Биласизми бунинг кимлигини? – деди синф раҳбари ва аёлнинг ортидан чопиб кетди. – Тўхтанг, опажон, илтимос сиздан... илтимос, директоргача олиб бормайлик.

Ҳеч нима содир бўлмаган каби дарсини давом эттирган инглиз тили ўқитувчисини қўнғироқ чалиниши билан директор чақиртирди. Қабулга кирган ўқитувчининг кўзи яна ўша аёлга тушди.

– Ассалому алайкум! – деди директорга юзланиб.

– Келинг, қизим, кираверинг, – деди мактаб раҳбари ноодатий босиқлик билан.

– Сизга айтсам сингим, бу ўқитувчимиз жуда билимли, умидли кадрларимиздан. Сизларни бошданоқ таништириб қўйишимиз керак эди, – деди директор аёлга юзланиб. – Абдураҳмонжоннинг омади бор экан, бошқа болаларнинг ота-оналари шу қизимиз дарс ўтишини сўраб кўп мурожаат қилишади.

Аёл энсасини қотирганча, юқоридан бир назар ташлаб қўйди ўқитувчига.

– Зарнигорхон, Абдураҳмонжоннинг онаси ҳам жуда фаол ота-оналаримиздан, – сўзида давом этди раҳбар. – Мактабимиздан ҳеч бир ёрдамини аямайди. Ремонтда ҳам, обунада ҳам, турли тадбирларда ҳам бизнинг асосий ҳомийларимиздан. Ҳозир менга бир англашилмовчиликни айтиб бердилар. Мен эса сизнинг ёрдамингиз билан буни осонгина бартараф қилишимизни айтдим.

– Албатта, Феруза Темировна, қандай ёрдам бера оламан?

– Ана, айтмадимми сизга жуда ақлли қиз деб, – қувониб кетди директор. – Абдураҳмонжоннинг чораклик баҳосига билмай "уч" қўйибсиз, шуни "беш"га ўзгартирсангиз бўлгани, қизим!

– Баҳони билмай қўйганим йўқ!

– Тушунмадим? – кўзлари ола-кула бўлди раҳбарнинг.

– Мен объектив баҳосини қўйдим, уни ўзгартирмайман. Агар менинг холислигимга ишонмаётган бўлсангиз, метод бирлашмамиз томонидан комиссия тузилиб, қайта имтиҳон қилиб кўришингиз мумкин. Фақат шу комиссиянинг қароригина баҳони ўзгартиришга асос бўлади.

– Мен сизга тушунтира олмаган кўринаман, Зарнигорхон, – асабийлашмасликка тиришди директор.

– Мен сизни яхши тушундим. Бундан сўнг барча орқада қолаётган ўқувчилар сингари унга ҳам янада эътиборлироқ бўламан ва кейинги чоракларда ўз интилиши билан ижобий баҳолар олишига ёрдам бераман. Рухсат берсангиз, мен дарсга киришим керак, – дея чиқиб кетди ўқитувчи.

Ўша куниёқ аёл боласининг ҳужжатларини олиб кетди. Шу бола туфайли директорга яхши кўриниб юрган синф раҳбари ҳам, "Ҳотамтой" ҳомийсидан айрилаётган мактаб директорининг сўзлари ҳам уни тўхтатиб қололмади.

Воқеадан хабар топганларнинг баъзилари "Тўғри иш қилибди, қани энди мен ҳам шундай журъатли бўлсам", дейишган бўлса, бошқалари "Вазиятни бекор кескинлаштирибди-да, ҳали ёш бўлса, нима қилади директор билан сен-менга бориб", дея фикр билдиришди. Айримлар "Биргина баҳо нимани ҳам ҳал қиларди, ўзига ташвиш орттирмаслиги керак эди" дея унга ачинди.

– Ҳа, Зарнигорхон, баҳойимнинг нархи қиммат, деб бизни писанд қилмай қўйдингизми, – дея қитмирлик қилди адабиёт ўқитувчиси.

– Баҳонинг нархи билим билан ўлчанади.

– Қойилмане сизга, институт домлаларидан ҳам "қаттиқ" экансиз.

– Мактаб баҳоси диплом бермайди. Лекин боланинг келажагини таъминлайди. Шундай экан, баҳога ҳар биримиз қаттиқ туришимиз керак.

Мукаррам ОТАМУРОДОВА.

  • 14-09-2018
  • | 22 |
  • № 34