www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

18-мактабнинг ўз радиоси бор

Мактабимизда радиоузел бор. Махсус эшиттиришларни узатади. Сухандонлар ўзимиздан. Яъни, ўқувчилар орасидан танлаб олинган. Эфир вақти дарс жараёнига умуман халақит бермайди.

Эрталаб соат саккизда бошланиб, ярим соат давом этади. Дарсга кириш қўнғироғи чалингач, эфир тўхтайди. Кейин катта танаффус пайти тинглаш мумкин.

Кузатдик, 18-умумтаълим мактабида қарийб 70 фоиз ўқувчи дарсга вақт­лироқ келар экан. Демак, уларнинг вақти бекор ўтмаслиги керак. Учинчи қаватга ўрнатилган радиоузел карнайи бунга ҳожат қолдирмайди. Юртимиз ва жаҳонда рўй бераётган воқеалар қисқача шарҳлаб берилади. Мактабдаги ўзгариш ва янгиликлар эълон қилинади. Кўнгилочар, мусиқий дастурлар тайёрлаймиз. Мақсад, ўқувчининг бўш вақтини "ўғирлаш". Ўзи билиб-билмаган ҳолда унга руҳий-маънавий озуқа бериш.

Адабиёт ва санъатга қизиқувчи ёшлар "Ижод бўстони" номли эшиттириш тайёрлайди. Кимдир шеър ва ҳикояни ифодали тарзда ўқиб беради. Иқтидорини намойиш этади. Фаол, аълочи ўқувчилар номи тилга олинади. Бу иқтидорли ёшлар учун имконият, маънавий рағбат ҳамдир. 

Айниқса, ҳафта сўнгида бериладиган таҳлилий эшиттириш диққатга молик. Уни икки нафар ўқувчи тайёрлаймиз. Таҳлилий дастурда ютуқлар, хато ва камчиликлар рўй-рост тилга олинади. Ўзлаштириши суст ўқувчилар, дарс ва тадбирлар савиясига танқидий баҳо берамиз.

Бу кеча ёки бугун ташкил этилган янгилик эмас. Мактаб қурилганига қирқ йилдан ошяпти. Радиоузел ўша вақтдан бери бор, дейишади. Балки ростдир. Ускуналарнинг кўриниши буни тасдиқлаб турибди. Узатиш тармоғи ҳам эскирган. Вақти-вақти билан ишламай қолади. Шундай кезларда эшиттиришлар узатилмайди. Ўтган ҳафта яна узилиш бўлди. Қизиқарли дастурлар қолиб кетди.

Радиоузелнинг фойдали жиҳатлари кўп. Афсуски, аксарият таълим даргоҳларида буни учратмайсиз. Борлари эскириб, экс­понатга айланган. Ваҳоланки, ахборот хуружи кучайган, дунёни бошқаришга уринаётган айни вақтда бу жуда зарур. Танаффусда қулоқчин тақиб олишдан кўра фойдали. Ўқувчи учун ҳам мактаб учун ҳам.

Хўш, нега бу имконият унутиляпти? Таълим-тарбия сифатини оширишда замонавий технологияларнинг ўрни қанча гапирилади, тилга олинади. Радиоузел ҳақида-чи? Назаримда, уни "гапиртириш" вақти ҳам келганга ўхшайди.

Диёра АҲРОРОВА,

таҳририят қошидаги "Парвоз" тўгараги аъзоси.

  • 09-10-2018
  • | 243 |
  • № 37