www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Иккита хато қилган ўқитувчи қандай қилиб давлат мукофоти олди?

Одатда, ўқувчининг саводи ўнг қўлда чиқади. Ёзиш кўникмасини эгаллайди. Чап қўлда ёзадиганлар нисбатан оз. Нигора Бердиеванинг дарсини кузатганимизда, бунга ажабландик. Етти нафар ўқувчи чап қўлда ёзишни машқ қиляпти. Ўқитувчи болаларга осон бўлиши учун қулай усулни жорий этган. Чап қўл ёзув устидан тушиб, дафтарни бўяб юбормаслиги учун остига қўшимча қоғоз қўйиб ёздирмоқда эди.

– Болани қийнаб қўймаслик керак, – дейди Н.Бердиева. – Кўп ўқитувчиларни кузатдим. Ўзини ҳам, ўқувчини ҳам азобга қўяди. Саводини ўнг қўлда чиқаришга уринади. Бошланғич синф ўқитувчисидан ранжиган инсон бўлмаса керак. Агар бўлса ҳам у шубҳасиз, мажбуран ўнг қўлига қалам ушлатилган ўқувчи бўлиши мумкин.

Болалик хотирамда қолиб кетган. Бир партада таҳсил олган синфдошим ўнг қўлда ёзолмасди. Балки талаб шундай бўлгандир. Ўқитувчимиз роса ҳаракат қилди. Шундай ёзишга мажбурлади. Қайсидир маънода мақсадига эришди ҳам. Чунки муаллимнинг кўзи тушиб қолса, ўнг қўлда ёзардию, бошқа пайт ўз билганидан қолмасди. Негадир ўша қизнинг қийналиб, кўз ёш тўкиб дарс тайёрлагани эсимда қолган. Бугун ўзим ўқитувчиман. Англадимки, боланинг жисмоний, руҳий, ақлий имконияти, қобилиятига қараб таълим-тарбия бермасангиз, ниҳол нотўғри илдиз олишга улгуради.

Ўқитувчи гоҳ-гоҳида ўз фаолиятини таҳлил, танқид қилиб туриши ҳам зарур экан. Қаҳрамонимиз шу йўлдан борди. Дарсига "одил ҳакамлар"ни чорлаб, ўқувчилар билими, қолаверса, ўз фаолиятини имтиҳон қилди. Қандай қилиб дейсизми?

Бундан тўрт йил аввал  вилоят ва республика мактабларига "Ота-оналар фарзандлари тарбиясига бефарқ эмас" лойиҳаси жорий этилганди. Йилда бир марта ота-оналар келишиб, дарсларга қатнашди. Ҳафта мобайнида мактаб ота-оналар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди. Синфида ана шу тизимни қўллаб, самарасини сезган, республикада оммалаштирган ўқитувчи ҳам Нигора Бердиевадир.

– Ота-оналар мажлиси бир кунда ўтадиган тадбир эмас, – дейди ўқитувчи. – Улар фарзандининг билими, юриш-туришига ўзлари баҳо беришсин. Дарсни бевосита кузатмай туриб, бунга эришиб бўлмайди. Бир ҳафта уларга шароит яратдик. Бугун ишидан вақт орттириб келолмаган ота-она кейинги дарсга улгурди. Кузатувларини ёзиб қолдириши учун журнал тутдик. Ўйлаган нарсам амалга ошди. Ҳозир журнални тез-тез варақлаб тураман. Кузатувчилар фикрини рўй-рост ёзишган. Боиси, шуни талаб қилгандим. Улар орасида фаолиятимга танқидий баҳо берган қайдлар ҳам учрайди.

Мисол учун, "Сиз иккита хатога йўл қўйдингиз, – деб ёзибди бир кузатувчи. – Шеърни бошқалардан кўра ифодали ўқиган ўқувчига "ўтир, яхши" деб қўя қолдингиз. Рағбатлантириш эсингиздан чиқди. Ахир у шунча кузатувчининг нигоҳидан чўчимади. Шеърдаги кайфиятни қолганларга ҳам юқтира олди. Иккинчи камчилик шуки, синфингизда ногирон ўқувчи бор экан. Нега дарсларда суст иштирок этяпти? Эътиборли бўлинг".

Ана шу сўнгги сўз жонидан ўтиб кетгани аниқ. Эркин ҳаракат, талаффуз қилишга қийналадиган қизалоқ вақти келиб, энг аълочи ўқувчилар сафидан жой олди.

Шундан бери уларни чеклаб қўймайди. Уй таълимига муҳтож бўлган ўқувчилар ҳам унинг синфида соғлом болалар қатори таҳсил олишади. Мана, ҳозиргача шундай. Тўғри, баъзан алоҳида вақт ажратиб, шуғулланишга тўғри келар. Бу ортиқча фидойиликдир. Шуни сўраганимизда, қисқагина жавоб олдик. "Танлаган касбим шу. Кимгадир меҳр бермасак, меҳр ҳам ололмаймиз". 

Мана шу сўзларнинг ўзиёқ касбига содиқ, фидойи, камтар инсонни ардоқлашга етар.

Яқинда Президентимиз фармонига биноан Нигора Бердиева II даражали "Соғлом авлод учун" ордени билан тақдирланди.

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

"Жомбой тонги" мухбири.

  • 10-10-2018
  • | 134 |
  • № 37