www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Олтин медалга қайси баҳо таъсир қилмайди?

– Ўқувчилар олтин ва кумуш медалларига тавсия этиляпти. Бунинг учун 9-синфни битирганлик тўғрисидаги шаҳодатнома имтиёзли бўлиши зарур экан. Айтинг-чи, ўша ҳужжатга қайси синфда олинган аъло баҳолар қўйилади?

Бекмуҳаммад ЎРОҚБОЕВ,

Қўлбости маҳалласи.

– Олтин ва кумуш медаллари 11-синф битирувчилари учун берилади. Битирувчининг 9-синф шаҳодатномасига киритилган аъло баҳолар медалга номзод ҳисобланади. Қолаверса, 10-11 синфда олинган баҳолар ҳам аъло бўлиши лозим.

9-синф шаҳодатномасига фақат 8-9-синф баҳолари ёзилади. Кунлик олинган жорий балл ҳисобга ўтмайди. Ўқувчининг бирор фандан ҳар чоракда тўплаган бали ва бос­қичли, давлат имтиҳони натижаларигина шаҳодатномага ёзилади.

Ўтган ўқув йилидан бошлаб, тасвирий санъат ва мусиқа фанидан қўйилган баллар имтиёзли шаҳодатномага таъсир кўрсатмайдиган бўлди. Чунки бу фанлар еттинчи синфда ўтиб, тугатилади. Ўқувчи шу икки фандан турлича балл олиб, қолган фани беш бўлса, аъло даражадаги 9-синф шаҳодатномаси берилади.

Медалга тавсия этиш жараёнида ўқувчининг намунали хулқи, жамоат ишларида фаоллиги ҳам ҳисобга олинади.

саволга туман халқ таълими бўлими шўъба раҳбари Ҳамза МУҲАММАДИЕВ жавоб берди.

  • 15-10-2018
  • | 32 |
  • № 38