www.jomboytongi.uz – халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши ва туман ҳокимлигининг «Jomboy tongi» газетаси раcмий веб-сайти

Синчалак (Бешинчи мақола)

Қўнғироқ чалинди. Ўқитувчи қўл соатига қараб ажабланди. "Нега йигирма дақиқа олдин чалишди? Ишқилиб тинчлик бўлсин-да", деган ўй ўтди хаёлидан.

– Барча ўқитувчилар супурги билан мактаб ҳовлисида тўплансин, директор тайинлади, – эшикларга бошини суқуб, пилдираганча хабар бериб чиқди котиба қиз.

Кимдир бу аҳволдан нолиб, кимдир тақдирга тан бериб, яна кимлардир дарсдан қутилганига хурсанд ўқувчи кайфиятида бир ерга тўпланди. Директор ҳам ҳаялламади. Унинг қисқагина нутқидан аъён бўлди-ки, вилоят ҳокими текширишга чиққанмиш. Тумандан мактабга телефон қилиб, атрофдаги кўчаларни зудлик билан тозалаш буюрилибди. Ўқитувчилар кичик гуруҳларга бўлиниб, ҳар бир гуруҳга битта кўча ва унинг атрофидаги кўзга ташланадиган жойларни тозалаш топширилди. Ҳамма ўз манзили томон отланди. Фақат Зарнигор жойидан жилмай турарди. Маш­ҳур кинодаги каби ҳар ишда "мен, менлаб" турадиган ўқитувчиларнинг бу аҳволга тушишига уларнинг ўзлари ҳам, атрофдагилар ҳам кўникиб қолишган. Фақат бунга Зарнигор кўника олмасди. Ахир талабалик йилларининг қанчадан қанча олтинга тенг дамларини пахта далаларида, ҳашар ва шу каби тадбирларда "фон" бўлиб туриш билан ўтказгани етмайдими? Ўшанда "Ҳали ишга кирсам, ҳаммаси бошқача бўлади", деган орзуларининг охири шуми?

– Ҳа, Зарнигорхон, сизга супурги етмадими? – сўради директор.

– Йўқ, мен супурмайман. Синфда ўқувчилар кутиб қолишди, ҳали дарсимни тугатганим йўқ.

– Ўқувчиларга вазифа бериб, жўнатиб юборинг. Ўзингиз эса супуришингиз шарт эмас, гуруҳингиздаги ўқитувчиларга бош бўлиб турсангиз бўлгани, – деди мактаб раҳбари қайсар ходим билан тортишиб ўтиришни истамай.

Баҳслашишнинг ҳеч бир нафи йўқлигини яхши анг­лаган Зарнигор уни кутаётган ўқувчилар олдига шошди. "Наҳотки, бу ўша кечаги директор бўлса?! Ахир ўзи энди ўқитувчининг қадри ошди, мажбурий меҳнатдан халос бўлдик", дея янги қарорни ҳаммага ўқиб эшиттирган эди-ку. Бугун эса ҳеч нарса бўлмагандек, "сизга супурги етмадими", деб турибди. Синф­га кирар экан, ҳозир нима бўлишини сезиб турган болаларнинг кўзларига қарай олмади. Дарсликни қўлига олиб, уйга вазифани тушунтира бошлади...

– Қаранг-а, бунга директорнинг гапи ҳам ўтмайдиган бўлиб қолибди, – деди ўқитувчилардан бири йўл-йўлакай.

– Нимасини айтасиз, ҳозир кечаги қарорни пеш қилса керак, деб ўйлаб тургандим, ҳар на бунгача бормади, – ҳамкасбининг фикрига қўшилди она тили ўқитувчиси.

– Менимча, ҳозир ўқувчиларга жавоб бериб, бизга қўшилади, – Зарнигорни ҳимоя қилган бўлди янги келган кимё фани ўқитувчиси.

– Ҳа, Нозимахон, бир синчалагимиз икки бўлдими, дейман-да! – киноя қилди она тили ўқитувчиси.

– Нега унақа дейсиз, опа? – ўпкалади янги ўқитувчи.

– Ҳа, энди, унинг шарофати билан ишда қолганингиз учун ёнини оласиз-да. Ҳали бу мактабда бирорта ҳомиладор ўқитувчини кўра-била туриб ишга олишмаган, – жавоб қилди она тили ўқитувчиси.

– Мен иш сўраб келганимда шахсан директор УЗИ аппаратидан ўтиб келишга жўнатганди. "Эрта-индин декретга кетсангиз, мен бошқа ўқитувчи қидириб, сарсон бўлишни истамайман деганди", – унинг гапини тасдиқлади сочини ҳар турли рангга бўяшни яхши кўрадиган рус тили ўқитувчиси.

– Биз "Меҳнат кодекси"дан яхши хабардор бўлмаганимиз учун шундай аҳволга тушдик, опажон. Зарнигорхонга раҳмат, агар у ҳомиладор ходимлар синов муддатисиз ишга олиниши кераклигини айтмаганида, мен ҳам аллақачон ишдан бўшаб кетган бўлардим, – деди кимё ўқитувчиси.

– Ҳа, бу синчалакнинг билмайдиган нарсаси йўқ, – луқма ташлади бошқа бир инглиз тили ўқитувчиси ҳасадини яширишга уриниб.

Ҳамкасбларининг ортидан гапирганча, мактаб дарвозасидан чиқиб келаётган ўқитувчилар "бўйинбоғли кишилар"га дуч келишди. Ҳар доимгидек директорнинг олдига келадиган эътиборли меҳмонлар бўлса керак, деган тахминда саломлашган устозлар қўлларидаги супургиларни ортларига яшириб ўтишди. Бир-икки эркак ўқитувчилар эса меҳмонлар билан қўл бериб кўришди.

– Хуш келибсизлар, директоримиз ичкарида, – деди жисмоний тарбия ўқитувчиси.

– Хушвақт бўлинг, дўстим, – жавоб қилди сочлари оппоқ, басавлат меҳмон. – Ҳамма ўқитувчилар йиғилиб қаёққа отландингиз, дарс тугадими?

– Бироз ҳашарли ишлар чиқиб қолувди, шунга... ҳоким бува келаётган экан, – деди ҳалиги йигит хиёл меҳмонлар томонга энгашиб, паст овозда.

– Шунақа денг! – мийиғида кулиб қўйди меҳмон.

Меҳмонлар директор олдига, ўқитувчилар эса ҳокимни кутиб олгани йўл олишди. Аммо ҳаял ўтмай котиба қизнинг ўқитувчилардан бирига қилган қўнғироғидан сўнг кутилган меҳмон аллақачон келиб бўлгани маълум бўлди. Дарсларни текшириш учун бирма-бир синфхоналарга кириб-чиқаётган ҳалиги басавлат киши аслида янги тайинланган вилоят халқ таълими бош­қармаси бошлиғи бўлиб чиқди. Унинг ортидан минг бир изоҳлар билан ранги оқариб кетган директор югуриб борар, илмий ишлар бўйича ўринбосар эса ҳашардан зудлик билан чақириб олинган ўқитувчиларни  ўқувчисиз синфларга дарс ўтиш учун йўналтириш билан овора эди.

– Ҳали дарс тугашига беш дақиқадан кўпроқ вақт бор. Лекин нега бирорта синфда ўқитувчи ҳам, ўқувчи ҳам кўринмаяпти Феруза Темировна? – деди янги бошлиқ узун зал бўйлаб эшикларга бир-бир бош суқаркан. – Ие, мана бу хонада дарс бўляптими, дейман, – кўзларига ишонмади меҳмон.

– Good afternoon (Ассалому алайкум)! – дея ҳурмат кўрсатишди ўқувчилар эшикдан турнақатор бўлиб кирган меҳмонларга.

– Ва алайкум ассалом! – деди бошлиқ. – Инглиз тили дарси бўляптими? Қандай яхши! Ким менга инг­лиз тилида шеър айтиб беради? Қани, сен айтчи, қизим? – бараварига қўлини кўтарган болалар ичидан бир қизга имо қилди бошқарма бошлиғи.

– Rain, rain, go away

Come again another day

Little Tommy wants to play.

– Баракалла қизим, устозингизга раҳмат! Энди устозлари билан ҳам танишиб олсак, – дея Зарнигорга юзланди.

– Зарнигорхон бизнинг энг жонкуяр, изланувчан ўқитувчиларимиздан. Ёш бўлишига қарамасдан, анча-мунча тажрибали устозларни ортда қолдиради, – деди директор бирдан жонланиб.

Ҳа, кўриниб турибди. Сиз нега ҳашарга чиқмадингиз қизим ёки сизга супурги етмадими? – сўради ҳалигача ўзини таништирмаган бошлиқ.

Шу пайт дарс тугаганидан хабар бериб чалинган қўнғироқ Зарнигорни бу мушкул саволга жавоб беришдан қутқариб қолди.

Барча ўқитувчилар фаоллар залида бошқарманинг янги бошлиғи томонидан ўтказилган мажлисга йиғилишди. Бошлиқ мактабда ўз кўзлари билан гувоҳ бўлган ҳолатларни қаттиқ танқид қилди. Директорни яхшигина "савалаш" билан чекланмай, огоҳлантириш беришга қарор қилди. Янги қарор билан таниш бўла туриб, яна ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишдан қўрққан ўқитувчиларни ўз касбига нисбатан масъулиятсизликда айблади. Узоқ давом этган мажлисда мактаб жамоаси ва директорнинг жонига оро кирган Зарнигор ҳақида эса бошлиқ яхши фикрлар билдириб, барчага уни ўрнак қилиб кўрсатди. Учрашув тугагач, директор ва ўринбосарлар меҳмонларни кузатиш учун чиқиб кетишди. Уларнинг қадам товуши ҳали узоқлашиб улгурмасидан, ўқитувчилар орасида ғала-ғовур бошланиб кетди.

– Қойилман сизга Зарнигорхон, "юқорида" ҳам одамларим бор денг! – деди она тили ўқитувчиси.

– Гапингизга тушунмадим, опа? – ҳайрон бўлди ўқитувчи.

– Буларнинг келишини олдиндан билганингизни айтаман-да! Бўлмаса ўзингизни жонкуяр кўрсатиб, дарсда ўтирармидингиз?

– Бу нима деганингиз, қаердан билишим мумкин ахир? – яна ҳам таажжубланди Зарнигор.

– Ҳа, сиз билмайдиган нарсанинг ўзи йўқ, яна қанақа янгиликлар бор, бизга ҳам айтинг? – гапга қўшилди инглиз тили ўқитувчиси.

– Эрта-индин яна ким келади, билмайсизми? Халқ таълими вазири ўзгариб, ўқитувчиларнинг маоши ҳам ошармиш, деган янгиликлардан хабарингиз йўқми мободо? – пичинг қилди яна бир ҳамкасби.

– Бўлди энди, ҳамкасблар. Бу нима қилганингиз, нега бир кишига бунча ёпишиб олдингиз? – нима бўлаётганига ҳали ҳам тушунмаётган Зарнигорнинг ёнини олди кимё ўқитувчиси.

– Тўғри, қани, ҳамма уйига жўнасин-чи, олий маълумотли инсонларнинг қилаётган ишини қаранг, уят эмасми? – мавзуни ёпди пенсияга чиқишни кутиб юрган география ўқитувчиси.

– Ҳа майли, кетсак, кета қолайлик! Орамизда синчалаклар кўпайиб қолибди, тез орада барчамиз синчалакка айланиб қолмасак бўлгани, – заҳарханда қилди она тили ўқитувчиси.

– Айтганча, Зарнигорхон, эртага ҳалигиларни гаплашамиз-а? Янгилик бўлса, биз ҳам қуруқ қолмайлик, – яна чақиб олмоқчи бўлди рус тили ўқитувчиси.

– Албатта, – деди анча тинчланиб олган Зарнигор, – яқинда ўқигандим, менимча маошни ўқитувчиларнинг билим савиясига қараб оширишса керак. Эртага яна бемалол гаплашамиз.

Барча секин-аста тарқала бошлади. Аммо Зарнигорнинг охирги гапи баъзиларнинг юрагига ғулғула солиб қўйди. Энди улар эртанги кунни ухламасдан кутишади.

Мукаррам ОТАМУРОДОВА.

  • 15-10-2018
  • | 26 |
  • № 38